Самарқандда 7 та дарахтни ноқонуний кесиб ташлаган фуқаро 11,73 миллион сўм жаримага тортилди
Самарқанд вилоятида фуқаро 7 та дарахтни ноқонуний кесиб ташлади, деб хабар беради Экология вазирлиги.
Самарқанд вилоятининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси Нарпай туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган рейдлар давомида 7 та ноқонуний кесилган дарахт аниқланган.
Қоидабузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари, яъни 8 миллион 500 минг сўм миқдорида жарима белгиланди.
Шунингдек, фуқарога табиатга зарар етказганлиги учун 3 миллион 230 минг сўм жарима солинди. Ҳуқуқбузар жами 11 миллион 730 минг сўм миқдорда жарима тўлайдиган бўлди.