Тўдакўл қирғоғида қиймати 6 млн долларни ташкил этган сайёҳлик курорти ташкил этилди (фото)
Навоий вилояти Қизилтепа туманида 16 август, якшанба куни Тўдакўл сув ҳавзаси қирғоғида бухоролик тадбикорлар томонидан қурилган «Silk Road Family Resort» сайёҳлик курорти, соҳилбўйи дам олиш масканининг расмий очилиш маросими ўтказилди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири хабар берди.
Очилиш маросими Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Бухоро ва Навоий вилоятлари ҳокимликлари ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, тадбирни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Улуғбек Аъзамов очиб берган.
«Бугун юртимизда туризм соҳасини пандемия шароитига мослаштирган ҳолда ривожлантиришнинг долзарб чоралари кўрилмоқда. Қисқа муддатда фойдаланишга топширилаётган ушбу объект Президентнинг 2019 йил март ойида мазкур ҳудудга амалга оширган ташрифлари доирасида маъқулланган лойиҳа бўлиб, икки босқичда йўлга қўйиш кўзда тутилган», — деди Улуғбек Аъзамов.
Таъкидланишича, ушбу дам олиш маскани лойиҳасига кўра, қурилиш жараёнлари 2022 йилда якунлаши режалаштирилган. Тўдакўл соҳили бўйида барпо этилаётган пляж, дам олиш ва соғломлаштириш маскани ҳамда аквапаркнинг умумий лойиҳа қиймати 6 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Тўдакўл қирғоғига туташ бўлган 15 гектар майдонда мазкур объектнинг биринчи босқичида 500 нафар, иккинчи босқичида эса 1500 нафардан ортиқ сайёҳни қабул қилиш имконияти яратилади. Шу билан бирга, ушбу сайёҳлик дам олиш маскани ишга тушгач 150 дан зиёд янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.
Маълум бўлишича, лойиҳа тўлиқ қувватда фаолият юритиши билан дастлабки даврда бир ойда камида 4,5 миллиард сўм, кейинчалик эса 40 миллиард сўмгача даромад бўлиши кутилмоқда. Объект ҳудудини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш мақсадида 7 минг туп манзарали дарахт экиш мўлжалланган бўлиб, айни пайтгача 3 минг тупдан ортиқ кўчатлар ўтказилган ва пляж ҳудуди бўйлаб табиий чим ётқизилган.
Бундан ташқари, сайёҳлик объекти пляж, бассейн, қуёш нурида тобланиш, аквапарк, кичик «Диснейленд», 50 ўринга мўлжалланган меҳмонхона, дам олиш тапчанлари, корабль тимсолидаги ресторан, ёзги терасса, спа-салон, табиат қўйнидаги ўйингоҳ, тиббиёт бурчаги, соғломлаштириш маскани, спорт ўйингоҳи, от спорти майдони, автотураргоҳ ва махсус сув транспортлари каби турли қўшимча хизматларни ҳам ўз ичига олади.
Маълумот ўрнида, Тўдакўл соҳили бўйида барпо этилаётган пляж, дам олиш ва соғломлаштириш маскани ҳамда аквапарк Президентининг 2020 йил 19 июндаги 4755-сонли қарорида келтирилган Тўдакўл кўли ҳудудида туристик зонани ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича сувда дам олиш турлари ва пляж туризмини ривожлантириш, кўлга йўловчиларни ташиш учун доимий автобус қатновларини йўлга қўйиш, тадбиркорлик субъектларини жалб қилган ҳолда туризм ва унга ёндош инфратузилмани ривожлантириш назарда тутилган.
Президент қарорига мувофиқ, бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Бухоро ва Навоий вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда жойларга чиққан ҳолда туризмни жадал ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларни муҳокама қилиб, Тўдакўл соҳилида сайёҳлик дам олиш масканларини ташкил қилишга доир тегишли тавсиялари билан бўлишган.
Аввалроқ Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов томонидан 16 август, якшанба куни ОАВ вакиллари ва блогерлар учун Навоий вилоятида ташкил этилган Тўдакўл сайёҳлик курорти ва соҳилбўйи дам олиш маскани ҳамда Бухоро вилоятидаги хорижий брeнд бошқаруви жорий этилган мeҳмонхона бўйлаб инфо-тур ташкил этилгани ҳақида хабар берилганди.