Бухорода ўғли томонидан камситилиб, руҳий зўравонлик қилинган онага ҳимоя ордери берилди

Бухорода ўғли томонидан камситилиб, руҳий зўравонлик қилинган онага бир ой муддатга ҳимоя ордери берилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Бухоро вилоят ИИБ ахборот хизмати

Хабарга кўра, ордер Бухоро шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими хотин-қизлар масалалари бўйича гуруҳ масъул ходимлари томонидан расмийлаштирилган.

Маълум бўлишича, Бухоро шаҳрининг Пиридастгир кўчасида яшовчи, 1957 йилда туғилган Х.С. ва унинг ўғли Бухоро тумани «Ойбек» МФЙда яшовчи, 1975 йилда туғилган Б.A. ўртасидаги оилавий келишмовчиликлар муҳокама қилиниб, сабаблари ўрганилган. Ўрганиш жараёнида фуқаро Б.A. ўз онасини қўрқитиб, уни камситиб, тазйиқ ва руҳий зўравонлик қилиб келаётганлиги аниқланган.

Фото: Бухоро вилоят ИИБ ахборот хизмати

Шу сабабли Х.С.гa бир ой муддатга ҳимоя ордери берилиб, маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлими масъулларидан мураббий бириктирилган. Қайд этилишича, томонларга ҳимоя ордерининг талаблари, уни бузганда келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар батафсил тушунтирилиб, аёлнинг ўғли Б.A. огоҳлантирилган.

Аввалроқ Жондорда спиртли ичимликлар истеъмол қиладиган эркакнинг онаси ва опасига 30 кунлик ҳимоя ордери берилгани ҳақида хабар берилганди.

Бундан ташқари, Олотда доимий равишда жанжаллашиб келадиган овсинларга 30 кунлик ҳимоя ордери берилгани ҳақида хабар берилган. Кейинчалик Вобкентда бир-бирига тазйиқ ўтказиб келган қайнана ва келинга ҳимоя ордерлари берилгани маълум қилинганди.

Янгиликлар