Вобкентда бир-бирига тазйиқ ўтказиб келган қайнана ва келинга ҳимоя ордерлари берилди

Бухоро вилояти Вобкент туманида 2020 йил 15 август куни ИИБ ходимлари ва маҳалла вакиллари томонидан «Истиқлол» маҳалласида яшовчи қайнана ва келинга ҳимоя ордерлари берилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати

Маълум бўлишича, ИИБ ходимлари иштирокида туманнинг «Истиқлол» маҳалласи Фидокор кўчасида яшовчи 1961 йилда туғилган фуқаро Т.М. ва унинг келини 1996 йилда туғилган, 2 нафар фарзанди бор Х.М. ўртасидаги оилавий келишмовчилик муҳокама қилинган. Бир-бирига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ўтказмасликлари учун уларнинг ҳар иккаласига хам 1 ой муддат учун ҳимоя ордери берилиб, ундаги чекловлар тушунтирилган.

Тушунтириш ишларида Вобкент туман Ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси хотин-қизлар масалалари бўйича гуруҳ катта инспектори, туман ИИБ психологи, «Истиқлол» маҳалласи профилактика инспектори ва маҳалла раиси ўринбосари иштирок этган.

Аввалроқ Олотда доимий равишда жанжаллашиб келадиган овсинларга 30 кунлик ҳимоя ордери берилгани ҳамда Бухорода қайнатасининг фоҳишаликда айблаб, доимий зулмларига чидолмаган келин устига бензин сепиб, ўзини ёқиб юбориши оқибатида вафот этгани ҳақида хабар берилганди.