Олотда доимий равишда жанжаллашиб келадиган овсинларга 30 кунлик ҳимоя ордери берилди
Бухоро вилояти Олот тумани «Опшоқ» маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Ш.Н. доимий равишда овсини Д.Э. билан жанжаллашиб келади. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, фуқаро Ш.Н. Жиноят кодексининг 140-моддасида назарда тутилган жиноятни содир қилганлиги учун муқаддам судланган.
Бухоро вилояти Олот туман Ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси хотин-қизлар масалалари бўйича гуруҳ томонидан бир-бирига нисбатан руҳий тазйиқ ўтказиб келаётган овсинлар масаласи маҳалла раисининг oилани қўллаб-қувватлаш бўйича ўринбосари, маҳалла фаоллари ҳамкорлигида уларнинг биргаликда истиқомат қилиб келаётган хонадонига бориб ўрганилган. Натижада ҳар икки жабрланувчи Ш.Н. ва Д.Э.га 30 кун муддатга ҳимоя ордери берилган.
Таъкидланишича, фуқаро Ш.Н. ва Д.Э.ларга ордер талаблари, уни бузганлик учун қўлланиладиган таъсир чоралари хусусида батафсил тушунчалар берилиб, уларни яраштириш чоралари кўрилган.
Aввалроқ Бухорода тадбиркордан фирибгарлик йўли билан 600 минг сўм пора олган мансабдор шахс қўлга олингани ҳақда хабар берилганди. Шунингдек, Бухоро туманида битмаган уйида чайла қуриб яшаётган аёлга ёрдам берилгани хабар қилинган.