Наманганда 9,5 минг долларга уй олиб, пулини бермасдан, бошқасига сотиб юборган эркакка жиноий иш очилди

Наманган вилояти Наманган шаҳрида танишидан 9,5 минг долларга уй олиб, пулини бермасдан, бошқасига сотиб юборган шахсга жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, 16 cентябрь куни Наманган шаҳрида яшовчи фуқаро ИИБга мурожаат қилиб, ҳолат ҳақида маълум қилган. Унинг мурожаатига асосан 1 сентябрь куни таниши уни ишончига кириб, ўзи билан бирга яшовчи укасига тегишли хонадонни 9,5 минг долларга сотиб олишга келишган.

Таъкидланишича, у пулини 2020 йил 12 сентябрь куни беришини айтиб, уйни фирибгарлик йўли билан олган. Шунингдек, мазкур шахс ушбу уйни Наманган шаҳрида яшовчи фуқарога 8,5 минг долларга сотиб юбориб, пулларни ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

Ушбу ҳолат бўйича Наманган шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 9 октябрь куни Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Aввалроқ Фарғонада танишидан «Nexia» олиб, пулини тўлиқ бермай, автомобилни бошқасига сотиб юборган шахс қўлга олингани ҳамда Чортоқда 2 минг долларга машина олиб, пулини бермаган эркакка жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинганди.

Янгиликлар