Косонсойда ер олиб беришини айтиб, фуқарони 100 минг долларга чув туширган шахс қўлга олинди

Наманган вилояти Косонсой туманида ер олиб беришини айтиб, фуқарони 100 минг долларга чув туширган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, Косонсой туманида яшовчи хусусий тадбиркор ер олиш мақсадида 25 август куни Aваз исмли шахс билан танишган. Aваз исмли сохта фермер тумандаги «Зарбдор» МТП ҳудудида 28 сотих ер майдони борлигини айтиб, уни 100 минг долларга сотишини айтган.

Хусусий тадбиркорнинг аризасига асосан 29 август куни вилоят Ички ишлар бошқармаси, жиноят қидирув бошқармаси, коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбир ташкил этилган. Тадбирга холислар ва 10 минг доллар ҳамда 100 миллион сўм жалб этилиб, эксперт-криминалистика бўлими ходимлари томонидан пулларга кимёвий усулда пора ёзувлари туширилган. Фуқаро Наманган шаҳри «Гўзал» даҳаси яқинида қўлга олинган.

Шунингдек, олиб борилган текширувлар натижасида ўзини «Авазбек» деб таништирган фуқаро аслида Авазбек эмаслиги, Наманган тумани ҳокимлигида ҳеч қандай танишлари йўқлиги, шунингдек, айни дамда вақтинча ишсизлиги аниқланган.

Қайд этилишича, ушбу ҳолат бўйича туман Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Маълумот ўрнида, Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Aввалроқ Наманганда тадбиркорни 1,6 млрд сўмга «ухлатган» шахсга жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар