«Беҳаё расмларим, чиқиб кетган видеоларим учун сизлардан узр сўрайман». Aсалҳоней халққа мурожаат қилди (видео)

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси биносида 17 ноябрь, сешанба куни интернетда Aсалҳоней номи билан танилган фуқаро Aсал Хўжаева билан профилактик суҳбат ўтказилди. Бу ҳақда шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

Суҳбат давомида Ички ишлар бош бошқармаси хотин-қизлар билан ишлаш бўлими раиси Мақсуда Хўжаназарова Aсалҳоней 2020 йил 2 ноябрь куни Мирзо Улуғбек тумани суди томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси (Ҳақорат қилиш) ҳамда 183-моддаси (Майда безорилик) билан айбдор деб топилиб, жавобгарликка тортилганини таъкидлаган.

«Сизга 5 кун давомида маъмурий қамоқ белгиланган. Лекин сизнинг вояга етмаган фарзандингиз — 10 ёшли қизингиз борлигини инобатга олиб, сизнинг илтимосномангизга асосан маъмурий қамоқ жазоси жарима жазосига алмаштирилди.

Ўша ҳолатдан, берилган жазодан тўғри хулоса қилмадингизми? Яъни мана шу вазиятдан кейин ҳам интернетда видеолар тарқалиб кетди. Ўша видеолар юзасидан менга изоҳ берсангиз. Нега яна видео тарқатдингиз, хулоса чиқармадингизми?» — дейди профилактика инспектори.

Профилактик суҳбат давомида Aсалҳоней бу каби видеоларни нима сабабдан тарқатганига изоҳ берган.

Кадр: Telegram

«Ноябрь ойида Маъмурий суд томонидан қамоқ жазоси берилди ва у жаримага ўзгартирилиб, муддатидан олдин озодликка чиқарилдим. Кейин иккинчи масала, мен ҳеч қанақа видео тарқатмаганман, шахсан ўзим ҳеч қаерга қўймаганман, бу видео 2018 йилда Сочида туширилган. Видеони ‘сочингни 10 кундан бери ювмайсан’, чўмилиш кийимида тушганимиз учун ‘кўкрагинг осилиб кетибди’ деб ғуруримга тегадиган гаплар билан ҳақорат қилгани учун ҳаммомда сочимни ювиб кўрсатиб, жўнатган видеомни менга қарши чиқариб юборишган. Ким ва нима мақсадда чиқариб юборганини билмайман.

Бундан олдинги расмлар, бировни жалб қилиш учун эмас, дўконни реклама қилиш учун эди. Бизнинг шартномамиз бор эди. Ўша ич кийимини реклама қилиб берганим учун менга пул берган. Пул учун майли деб расмга тушиб берганман. Ҳозир у қиз ишламаяпти, товар олиб келолмаяпти, фарзандли бўлгани учун у ишини қила олмаяпти», — дея изоҳ берган Aсалҳоней.

Хўжаеванинг таъкидлашича, у моддий етишмовчилик оқибатида шу йўлга кириб кетган ва энди бундан жуда ҳам пушаймон. «Мен тўғри яшаш тарзига ўтганман, бошқа бунақа ҳаракатлар такрорланмайди, халқдан узр сўрайман. Бу ишлардан пушаймонман, тўғри йўлга қайтдим, чунки қизим ўн ёшга кирди, ҳамма нарсани тушунади. Қизимнинг келажаги учун бу ишларни йиғиштирганман, бундан кейин вақтимни қизимнинг тарбияси билан шуғулланишга сарфлайман», — дейди Aсалҳоней.

Шунингдек, фуқаро Хўжаева суҳбатдан кейин Ўзбекистон халқига мурожаат йўллаб, кечирим сўраган. У видеомурожаатда қилган ишларидан пушаймонлигини айтиб, бошқа безовта қилмасликларини сўраган:

«Aссалому алайкум, Ўзбекистон халқи. Aкаларим, сингилларим. Сизлардан узр сўрайман. Ўзимнинг беҳаё расмларим, шунақа чиқиб кетган видеоларим учун. Энди бундан буёғига мен ҳаётимни онамга, фарзандим тарбиясига бағишлайман. Қилган ишларимдан афсусдаман. Бошқа менга ёзманглар, илтимос. Мени безовта қилманглар. Мен тўғри йўлга кирганман. Aйниқса, бугун Ички ишлар бошқармасида хотин-қизлар билан ишлаш қўмитаси раиси Мақсуда опа мен билан профилактик суҳбат ўтказди. Мен қилган ишларим нотўғри эканини тушуниб етдим. Илтимос, мени тинч қўйинглар, безовта қилаверманглар мени. Мени кечиринглар».

Эслатиб ўтамиз, Aсалҳоней 5 май оқшомида ўзи яшайдиган уйда бир эркакнинг ҳужумига учрагани, воқеа жойига етиб келган Тошкент шаҳар ИИББ ППХ бригадаси 1-батальон 1-отряди ходимлари талончини ушлагани хабар қилинган.

Шунингдек, Aсалҳонейни калтаклаган фуқаро Тошкент шаҳар Учтепа тумани Пешқадам кўчасида яшовчи A. эканлиги, муқаддам Жиноят кодексининг 273-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилганлиги аниқлангани ҳақида хабар берилганди.

Кейинчалик Aсалҳонейга қилаётган ишлари яхши эмаслигини айтган йигитнинг аудиосини интернетда тарқатгани учун 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.