Aсалҳонейга қилаётган ишлари яхши эмаслигини айтган йигитнинг аудиосини интернетда тарқатгани учун 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди

Aсалҳоней номи билан интернетда танилган фуқаро Aсал Хўжаевага нисбатан Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани маъмурий судида 2 ноябрь куни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41 ҳамда 183-моддаларига асосан суд иши кўриб чиқилди. Бу ҳақда «Qalampir» хабар берди.

Маълум бўлишича, 31 октябрь куни фуқаро М.А. Aсалҳонейга қўнғироқ қилади. Йигит суҳбат давомида унга қилаётган ишлари яхши эмаслиги, ёшларнинг онгига салбий таъсир кўрсатаётганини айтади.

Aммо Aсалҳоней унинг сўзларига ҳақорат билан жавоб қайтаради. Шунингдек, қўнғироқ жараёнини видеотасвирга олиб, Instagram’даги ўз саҳифасига жойлаштиради. Ўз навбатида, ушбу видеотасвирлар интернет тармоғи орқали тарқалгач, М.A.га турли одамлар қўнғироқ қилиб, уни ҳақоратлай бошлайди. Жабрланувчи мазкур ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани маъмурий судига шикоят қилади.

Туман маъмурий суди қарорига кўра, Хўжаева Aсал Матёқубовна Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси (Ҳақорат қилиш) ҳамда 183-моддаси (Майда безорилик) билан айбдор деб топилди. Aсал Хўжаевага нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида, яъни 4 460 000 сўм жарима жазоси, шунингдек, 41-моддага асосан узил-кесил 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, Aсалҳоней 5 май оқшомида ўзи яшайдиган уйда бир эркакнинг ҳужумига учрагани, воқеа жойига етиб келган Тошкент шаҳар ИИББ ППХ бригадаси 1-батальон 1-отряди ходимлари талончини ушлагани хабар қилинган.

Шунингдек, Aсалҳонейни калтаклаган фуқаро Тошкент шаҳар Учтепа тумани Пешқадам кўчасида яшовчи A. эканлиги, муқаддам Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноий жавобгарликка тортилганлиги аниқлангани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар