АҚШда COVID-19’га қарши «Pfizer» вакцинаси билан эмланган шифокорларнинг аҳволи ёмонлашди

АҚШнинг Аляска штати Жуно шаҳридаги Бартлетт минтақавий касалхонасида «Pfizer» ва «BioNTech» компанияларининг коронавирусга қарши вакцинаси билан эмланган икки нафар тиббиёт ходимининг аҳволи ёмонлашди. Бу ҳақда «The New York Times»га асосланиб, «Meduza» хабар берди.

Фото: «AFP»

Хабарга кўра, 15 декабрь куни эмлашдан кейин 10 дақиқа ўтиб, ўрта ёшли аёлда анафилактик реакция бошланган: нафаси қисиб, тошма тошган ва пульс тезлашган. Аёлга осма укол қўйишган, аммо уни олиб ташлагандан кейин симптомлар қайта такрорланган. Жабрланувчи реанимацияга жойлаштирилган. Унинг аҳволи яхшиланган, уни 17 декабрь куни касалхонадан чиқариш режалаштирилган.

Бундан ташқари, яна бир тиббиёт ходими 16 декабрь куни вакцина олганидан кейин тахминан 10 дақиқадан сўнг ёмон аҳволга тушган. Унда кўз шишиши, бош айланиши, томоқ қичиши каби симптомлар кузатилган. Уни тез ёрдам бўлимига етказишган. Бир соат ўтиб, эркакнинг аҳволи яхшиланган ва уйига жавоб берилган.

Касалхона маъмуриятининг маълум қилишича, жабрланган аёлда аллергик реакциялар олдин кузатилмаган. Жабрланган эркакда бундай ҳолат илгари бўлган-бўлмаганлиги эса номаълум. 16 декабрь ҳолатига кўра, Бартлетт минтақавий касалхонаси 144 доза вакцинани ишлатган. Аляска штати бош шифокори Энн Зинк маълум қилишича, касалхонадаги бундай ҳодисалар эмлаш графиги ва протоколларига таъсир ўтказмайди.

Pfizer компаниясининг расмий вакили Жерика Питтс айтишича, вакцина камдан-кам ҳолларда эмлашдан кейин анафилактик реакция кузатилиши эҳтимоли ҳақидаги огоҳлантириш билан бирга етказилмоқда.

Аввалроқ Австралияда COVID-19’га қарши эмланганларда ОИТВ аниқлангани хабар қилинганди. Бундан ташқари, австралиялик олимлар болаларда коронавирус вакцинасининг кутилмаган таъсирини аниқлагани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Американинг «Pfizer» ва Германиянинг «BioNTech»компаниялари томонидан биргаликда ишлаб чиқилган вакцина синовларида олти киши вафот этгани маълум қилинган.

Янгиликлар