«Pfizer» вакцинаси синовларида қатнашган 6 киши вафот этди

Американинг «Pfizer» ва Германиянинг «BioNTech» компаниялари томонидан биргаликда ишлаб чиқилган вакцина синовларида олти киши вафот этди. Бу ҳақда АҚШ Озиқ-овқат ва фармацевтика идораси (ФДА) веб-сайтида чоп этилган ҳужжатга таяниб, «ТАСС» хабар берди.

Фото: «Getty Images»

«Ҳисобот даврида олтита ўлим қайд этилди (эмланган гуруҳида икки, плацебо гуруҳида тўртта ўлим)», дейилади 10 декабрь кунига режалаштирилган ФДА йиғилиши учун тайёрланган ҳужжатда. Қайд этилишича, вакцина олган гуруҳда атеросклероз ва семириш билан касалланган битта кўнгилли препаратнинг биринчи дозасидан уч кун ўтгач вафот этган. Бошқа иштирокчи иккинчи дозани қабул қилганидан 60 кун ўтгач, юрак хуружига учраган ва уч кундан кейин унинг ўлими қайд этилган.

Шунингдек, плацебо гуруҳида қон-томир ва юрак хуружидан икки киши вафот этган, яна икки нафар иштирокчининг ўлими сабаби аниқланмаган. Ўлганларнинг ярми 55 ёшдан ошган кексалар бўлган.

Маълумот учун, фирмалар раҳбариятга тегишли аризани 20 ноябрь куни топширган эди. Озиқ-овқат ва фармацевтика идораси (ФДА) эса «Pfizer» ва «BioNTech» вакцинасини тасдиқлаш бўйича йиғилишни 10 декабрга режалаштирган эди.

Аввалроқ коронавирусга қарши «Pfizer» вакцинасини дунё мамлакатларига тарқатиш бошлангани ҳақида хабар берилган эди. Шундан сўнг Озиқ-овқат ва фармацевтика идораси «Pfizer» томонидан яратилган COVID-19ʼга қарши вакцинанинг самарадорлиги 95 фоиз эканини тасдиқлаган.