Миниатюра санъати UNESCO’нинг номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритилди

Миниатюра санъати 16 декабрь куни UNESCO нинг Номоддий маданий меросни ҳимоя қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитаси ХV сессиясида ушбу ташкилотнинг номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритилди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш қўмитаси ахборот хизмати «Tez News»га маълум қилди.

Фото: Facebook / Азиз Абдуҳакимов

«Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз маданий меросини тарғиб қилиш бўйича кўрсатмаларини, шунингдек, UNESCO билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Мамлакат дастурини амалга оширишда, кўп миллатли миниатюра санъати элементи инсониятнинг номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритиш учун номзод бўлди.  Номзодлар тўплами UNESCO бўйича Ўзбекистон Миллий Комиссияси томонидан Туркия, Озарбайжон ва Эроннинг шу каби тузилмалари билан ҳамкорликда тайёрланди», — деб ёзади Азиз Абдуҳакимов.

Фото: Facebook / Азиз Абдуҳакимов

Таъкидланишича, миниатюра санъатининг UNESCO нинг Репрезентатив рўйхатига киритилганлиги узоқ тарихга эга. Тадбирда Камолиддин Беҳзод сингари кўплаб ёрқин ва таниқли рассомлар билан ўзбек миниатюра мактаби кўп асрлар давомида дунёдаги энг кучли ва энг таниқли мактаблардан бири бўлиб қолаётгани қайд этилган. Ушбу сессияда номоддий маданий мероснинг 42 миллий ва кўп миллатли элементи бўйича номзодлар кўриб чиқилади. Сессияда UNESCO раҳбарлари ва вакиллари, 170 дан ортиқ мамлакатнинг доимий ваколатхоналари, шунингдек миллий комиссиялар, халқаро ташкилотлар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари делегатлари иштирок этмоқда.

Шу билан бирга, 2020 йилнинг март ойида Миллий комиссия томонидан мутахассислар билан ҳамкорликда «Бахши санъати» номзодномаси тайёрланиб, UNESCO Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига Миллий номзод сифатида тақдим этилган. «Бахши санъати» номзодномаси Номоддий маданий мерос қўмитасининг навбатдаги 2021 йилнинг декабрида ўтказиладиган йиғилишида кўриб чиқилади.

Aввалроқ Тошкентда модернизм ёдгорлигининг реконструкция лойиҳаси тақдимоти ўтказилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар