Тошкентда ҳам ичимлик суви нархи кўтарилиши мумкин
Тошкент шаҳар ҳокиминг «Тошкент шаҳрида ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари учун тартибга солинадиган нархларни белгилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳасида шаҳарда ичимлик суви нархини ошириш таклиф этилди.
Қарор лойиҳасига кўра, «Тошкент шахар сув таъминоти» МЧЖ корхонасининг 2019 йилида ичимлик суви реализациясидан олинган даромадлар жами 172 286,7 миллион сўмни ташкил қилган. Оқава сувларни қабул қилишдан олинган даромадлар жами 91 165,9 миллион сўмни ташкил қилди. 2019 йилида жами даромадлар 273 658,7 миллион сўм бўлиб, шундан маҳсулотни сотишдан тушум 267 732,7 миллион сўм, бошқа даромадлари 5926 миллион сўмни ташкил қилган. Шунингдек, корхона амалдаги тарифи бўйича 2019 йилда 58,8 миллиард сўм, 2020 йил 8 ойлигида эса 21,3 миллиард сўм молиявий зарар кўрган.
Мавзуга доир: Ўзбекистоннинг ичимлик суви захираси ҳажми маълум бўлди
Бундан ташқари, тизимда янги лойиҳаларни амалга ошириш, хорижий кредитларни ўз вақтида қайтариш, тармоқлар ва иншоотлардаги носозликларни вақтида бартараф этиш зарурлигини инобатга олиб, «Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖнинг ҳозирги кунда амалда бўлган тарифини ошириш мақсадида 1 кубометр ичимлик суви учун қуйидаги тарифлар нарх даражаларида белгилаш таклиф этилади:
- аҳоли, бюджет ва улгуржи истеъмолчилар учун (қўшимча қиймат солиғисиз) 310 сўмдан 500 сўмга (161,2 фоиз)га;
- тижорат ташкилотлари учун 730 сўмдан 1500 сўмга (205,4 фоиз)га ўсиши.
Шунингдек, канализация хизматлари учун тарифлар:
- аҳоли, бюджет ва улгуржи истеъмолчилар учун (қўшимча қиймат солиғисиз) 250 сўмдан 350 сўмга (140 фоиз)га
- тижорат ташкилотлари учун 460 сўмдан 820 сўмга (178,2 фоиз)га ўсиши кутилмоқда.
Aйни вақтда ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига топширилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоийда 2021 йилдан ичимлик суви нархи уч баравар қимматлашиши ҳамда Aндижонда ичимлик ва оқова сув хизматлари таннархи ошиши ва агар эски қарздорликлар белгиланган кунда бартараф этилмаса, янги нарх бўйича ҳисоб-китоб қилиниши ҳақда хабар қилинганди.