Aндижонда ичимлик ва оқова сув хизматлари таннархи ошади
Aндижон вилоятида тез кунларда ичимлик ва оқова сув хизматлари таннархи ортиши кутилмоқда. Бу ҳақда «Aндижон сув таъминоти» МЧЖ ахборот хизмати «Tez News»га маълум қилди.
Хабарга кўра, вилоятда замонавий турар жой масканлари, кўп қаватли бинолар, ишлаб чиқариш корхоналари, саноат зоналари барпо этилмоқда. Бу ўз ўрнида ичимлик сувига бўлган эҳтиёжни, тоза ичимлик суви ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш харажатларининг бир неча бор ортиб кетишига сабаб бўлмоқда.
Маълум қилинишича, шу сабабли Президентнинг «Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини янада такомиллаштириш ва ушбу соҳадаги инвестиция лойиҳалари самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон ва қарори лойиҳасига асосан, бугунги кундаги барча харажатлар инобатга олинган ҳолда ичимлик ва оқова сув хизматлари таннархи тез кунларда ортиши кутилмоқда.
Қайд этилишича, эски қарздорликлар белгиланган кунда бартараф этилмаса, янги нарх бўйича ҳисоб-китоб қилинади.
Aввалроқ Олтинкўл туманида 210 та хонадонни ичимлик суви билан таъминлайдиган қудуқ кавланаётгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Бухорода сув таъминотини яхшилаш учун 385 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратилди.
Шунингдек, Наманганда қарийб 8 миллиард сўм эвазига 12,5 километр масофага ичимлик сувининг ички тармоғи тортилиши маълум қилинганди.