Тошкентдаги мактабда калтакланган ногирон қиз ҳақида қўшимча тафсилотлар ошкор қилинди — видео

Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги 103-мактаб интернатда 3-синф қиз тарбиячиси томонидан калтакланган видео тарқалгани ҳақида хабар берилганди. Бу воқеа юзасидан «Zamon» информацион дастури мухбири қизнинг онаси билан интервью уюштирди.

Кадр: Telegram

«Қизим носоғлом бола, ўзи гапириб, кўрсатиб беролмаслигидан фойланишяпти. У мана шу одам урди, деб кўрсатиб бера олмайди. Ўқув ҳафтаси тугагач, ҳайдовчи қизимни уйга олиб келди ва мен болани ювинтириш учун ечинтирганимда унинг танасидаги жароҳатларни кўриб, қотиб қолдим. Бу мактабдан қизимнинг калтакланиб келишини кутмаган эдим. Ўзидан айбни соқит қилиш учун боланинг агрессивлигини, автоагрессияси борлигини, бонка излари борлигини айтялти», – дейди қизнинг онаси.

Шундан сўнг она қизининг ўқитувчисига телефон қилган ва боғлана олмагач, тезда суратга олиб, ижтимоий тармоққа жойлаган. Ички ишлар органига мактаб интернат устидан ариза ёзади. Мактаб директори бу воқеадан ижтимоий тармоқлардаги видеони кўриб, хабар топганини айтган:

«Бизнинг, тарбиячиларимизнинг назоратсизлиги оқибатида келиб чиққан ҳодиса. Буни тан оламиз. Чоршанба ва пайшанба куни тунда ўқувчи қолган, жума куни муассасадан уйига юборилган. Бу ишни тарбиячи қилганми ёки ўқитувчи, билмаймиз. Тахминларимиз кўп.

Болалар томонидан ҳам жароҳат етказилган бўлиши мумкин. Чунки мактабда ақли заиф болалар таълим олишади. Тунда улар ҳам қолишади. Ақли заиф болаларни ёлғиз қолдирганда улар бир-бирига, ҳатто ўзига ҳам зиён етказиши мумкин. Бундай ташҳисли болалар бизнинг мактабда тарбияланишади».

Ҳозирда мактаб интернатда юз берган, деб тахмин қилинаётган ҳолат бўйича Ички ишлар органи тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Шаҳрисабзда 33 ёшли эркак ота-онасининг кўз ўнгида калтаклагани ва  Наманганда 51 ёшли эркак спиртли ичимлик олиб бермагани учун калтаклагани  ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар