Фарғонада 44 бош қўйни салкам 64 млн сўмга сотиб олиб, пулни бермаган шахс қўлга олинди

Фарғона вилояти Фарғона туманида 44 бош қўйни салкам 64 миллион сўмга сотиб олиб, пулни бермаган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг 10 февраль куни фуқаро Т.М. «Миндонобод» МФЙ ҳудудида таниши Х.И.нинг ишончига кириб, сотмоқчи бўлган умумий нархи 63 800 000 сўмлик 44 бош қўйни сотиб олишга келишиб олган. Эртаси куни пулларини беришини айтиб, берган ваъдасини бажармасдан алдов йўли билан қўлга киритган қўйларни бошқа шахсга сотиб юборган. Ҳамда пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Фарғона тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада фуқарога тан жароҳати етказиб, телефони ва пулини тортиб олган шахсларга жиноий иш қўзғатилгани ҳақида хабар берилган эди.

Кейинчалик Олтиариқда фирибгарлик содир этиб, қидирувда бўлган шахс қўлга олингани маълум қилинди.

Шунингдек, Қувада танишининг уйидан бир қоп картошка ва 450 минг сўмлик телефон ўғирлаган шахс қўлга олинганди.

Янгиликлар