Олтинсой ва Деновдаги қабулларда салкам фуқароларнинг 120 га яқин муаммоси ҳал этилди
Сурхондарё вилоятидаги Халқ қабулхонаси Олтинсой ва Денов туманларида ташкил қилган оммавий қабулларда қарийб 120 та муаммога жойида ечим топилди. Бу ҳақда Халқ қабулхонаси матбуот хизмати «Tez News»га хабар қилди.
Маълум қилинишича, туманларда ташкил қилган оммавий қабулларда 228 та масала бўйича мурожаатлар кўриб чиқилган бўлса, уларнинг қарийб 120 тасига жойида ечим топилган. Қолган мурожаатларни ҳал қилиш бўйича аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, назоратга олинган.
Хусусан, Денов туманидаги «Тотувли» ва «Ифтихор» маҳаллаларини боғлаб турган катта анҳор устидаги эски кўприк қурилганига 78 йил бўлган. Ҳудуд аҳолиси шу йил аввалида бўлиб ўтган оммавий қабулда бу муаммога ечим сўрагач, масала тегишли дастурларга киритилган. Натижада узунлиги 42 метр, эни 12 метрли улкан кўприк қурилиб, фойдаланишга топширилган.
Шунингдек, Олтинсойнинг «Сайрак» маҳалласидаги мулоқотларда электр, суюлтирилган газ, ичимлик суви таъминоти, йўлларни таъмирлаш билан боғлиқ қатор муаммоларга ечим топилган. Жумладан, Олтинсой тумани «Мингчинор» маҳалласидаги мавжуд трансформатор 1970 йилда ўрнатилган бўлиб, аллақачон фойдаланиш муддатини ўтаб бўлган. Мурожаатдан сўнг маҳалла аҳли учун 160 хўжаликка мўлжалланган янги трансформатор ўрнатиб берилган.
Бундан ташқари, Сайрак қишлоғида ўтказилган оммавий қабулда ҳудуддаги Сайрак, Овчи, Хидиршо, Жобу, Дуғоба, Ипоқ, Мўминқул, Обшир, Чинор каби ўндан зиёд дашт, тоғолди ва тоғли қишлоқлар аҳолиси чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилган. Ўндан зиёд мурожаатчиларга вилоят шифохоналарида даволанишлари учун имтиёзли йўлланмалар берилган.
Шу билан бирга, Денов туманининг Намуна маҳалласидаги ичимлик сув минораси, «Чим» маҳалласида эса ички йўллар таъмирланадиган, эскирган симёғочлар янги бетон устунларга алмаштириладиган бўлган. Фуқаро Менгали Ориповнинг мурожаати асосида эса шу йил охирига қадар «Қовунлисой» маҳалла фуқаролар йиғинида янги ташкил қилинган қишлоққа трансформатор ўрнатилиб, электр тармоғи тортиладиган, ичимлик сув минораси қуриб бериладиган бўлган.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Данғарада туман ҳокими ўтказган саёр қабулда 3 кишининг мурожаати ҳал этилгани, Қўштепа тумани ҳокиминиг қабулида 40 тага яқин мурожаат тинглангани ҳамда Тошкент вилоятидаги оммавий қабулларда қарийб мингта масала жойида ҳал қилингани ҳақида хабар берилганди.