Тошкент вилоятидаги оммавий қабулларда қарийб мингта масала жойида ҳал қилинди
Тошкент вилоятида 23 сентябрь — 2 октябрь кунлари Ўзбекистон Президенти Адиминистрацияси, Халқ қабулхонаси масъул ходимлари бошчилигида 20 га яқин вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида сайёр қабуллар ташкил этилди. Бу ҳақда Президент Халқ қабулхонаси «Tez News»га хабар берди.
Хабарга кўра, мазкур қабуллар Тошкент вилоятининг Бекобод, Олмалиқ, Янгийўл, Ангрен, Оҳангарон, Чирчиқ, Нурафшон шаҳарлари ҳамда Зангиота ва Бўстонлиқ туманларида бўлиб ўтиб, уларда вилоятнинг барча ҳудуд аҳолиси қамраб олинган. Ўтказилган қабуллар давомида мурожаатларда асосан суд-ҳуқуқ, уй-жой, моддий ёрдам, ижтимоий таъминот, прокуратура ва ички ишлар, соғлиқни сақлаш, банк соҳалари, ички йўлларни таъмирлаш, газ ва электр таъминоти, коммунал хизмат, меҳнат ва бандлик йўналишларига оид масалалар келиб тушган.
Маълум бўлишича, суд-ҳуқуқ масалалари бўйича сайёр суд мажлислари ўтказилган ҳолда 41 нафар маҳкум жазони ўташдан шартли равишда ва 16 нафар тайинланган жазони муддатидан аввал озод килинган. 39 нафар маҳкумларнинг жазоси бошка енгилрок жазо турига алмаштирилиб, жазони ижро этиш муассаларидан озод қилинган.
Мажбурий ижро бўйича 13 та мурожаатга асосан қарз ва зарарни ундиришга оид 387,4 миллион сўм ундирилган. Банк кредитларини ажратиш юзасидан ҳам салмоқли натижалар бўлган. Хусусан 108 та тадбиркорлик субъектига 11 миллиард 682 миллион сўм кредит маблағлари ажратилган.
Оила ва маҳаллани қўллаб-қувватлаш масалаларида 48 нафар уй-жойга мухтожлар мурожаати бўйича субсидия олишга тақдимнома киритилган. 34 нафар фуқарога 6 ойлик моддий ёрдам пуллари тайинлаган. 17 та холатда 2 ёшгача нафақа олиш масаласи ҳал этилган.
Хусусан, зангиоталик Зулхумор Пўлатовага мурожаатидан сўнг доимий яшаш ҳуқуқи асосида 2 хонали хонадон бериладиган бўлган. Айни шундай яна ногиронлиги бор инсонлар, боқувчисини йўқотган аёллардан 5 нафарига ҳам доимий яшаш ҳуқуқи асосида 5 та хонадон ажратилиши белгиланган.
Шунингдек, 5 та холатда сув қувуридаги авария холатлари ҳал этилган. 3 та кўп қаватли уйнинг том қисми жорий таъмирланган, 2 та кўп қаватли уйнинг ертўла қисмидаги 480 метр оқова сув қувурлари алмаштирилган. 1 та холатда 42 та хонадонли кўп қаватли уйнинг канализация қувури тозалаб берилган.
Бунга қўшимча, электр энергияси таъминоти бўйича 5 та трансформатор янгиланди, 638 та электр ҳисоблагич ўрнатилган. 2,1 километр СИП кабель тортилди ва 39 та таянч устунлар янгисига алмаштирилиб берилган.
Газ таъминотида 3 нафар кам таъминланган оила қарздорлик сабабли тармоқдан узилган газ тармоғига қайта уланган. 2 та ГТП да таъмирлаш олиб борилди, 2 та кўп қаватли уйнинг 49 та хонадони газ тармоғига улаб берилди, МФЙга 265 дона газ баллони етказиб берилган.
Йўл таъмири бўйича 8,8 километр асфальт йўл жорий таъмирланган. Узунлиги 45 метр, эни 10 метр бўлган 7,5 миллиард сўмлиик кўприк қурилиши бошланган.
Соғлиқни сақлаш тизими бўйича Бўка тумани 2 та МФЙда (Даштобод ва Хўжақўрғон) тиббиёт пунктини ташкил қилиш бўйича келишилган. Бандлик масаласида эса 59 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланган. Халқ таълими масаласи бўйича 27 та ўқитувчи ва ёш ОТМ битирувчилари ишга қабул қилинган. 75 та оилавий боғча ва 2 та давлат хусусий шерикчилик асосида МТМни очиш бўйича келишув ижобий хал қилинган.
Тошкент вилоятида ташкил қилинган оммавий қабулларда 3 минг 93 та мурожаат асосида 3 минг 195 та масала кўриб чиқилган. Қарийб 1 мингта масалага жойида ечим топилган бўлса, 686 та мурожаат эгасига ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳат берилган. 1 минг 510 та мурожаат бўйича аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, назоратга олинган.
Аввалроқ Самарқанд туман ҳокими ўтказган қабулда 12 нафар мурожаати ҳал этилгани, Улуғнор туман ҳокими қабулиад 6 нафар фуқаронинг мурожаати тинглангани хабар қилинган эди.