Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллик байрами тадбирлари қайси маблағдан молиялаштирилиши очиқланди

Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллик байрами тадбирлари қайси маблағдан молиялаштирилиши очиқланди. Бу ҳақда Президентнинг давлат мустақиллигининг 30 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисидаги қарорида маълум қилинди.

Фото: УзА

Қарорга кўра, байрам муносабати билан давлат мустақиллигининг 30 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш бўйича республика комиссияси ташкил қилиниб, унинг таркиби тасдиқланган. Комиссия «Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!» ғоясини ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий ҳамда тарғибот-ташвиқот тадбирлари дастурини тасдиқлаши белгиланган.

Шунингдек, қарорга мувофиқ, ўтказиладиган байрам тадбирлари:

  • Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – тегишли маҳаллий буджетларнинг қўшимча манбалари ҳамда ҳомийлик хайриялари ҳисобидан;
  • Тошкент шаҳрида – Республика комиссияси томонидан тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ республика буджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий буджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда молиялаштирилади.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, «Дунё» ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни атрофлича ёритиб бориш тавсия этилган.

Аввалроқ Тошкент ер усти метро ҳалқа йўли қандай номланиши ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар