Жиззахда содир бўлган ЙТҲ оқибатида икки нафар мактаб ўқувчиси ҳалок бўлди

Жиззах вилояти, Ғаллаорол туманидаги “Оқтом” маҳалласи ҳудудидан ўтган йўлда 15 апрель куни соат 12:40 ларда ЙТҲ содир бўлди.

Маълум қилинишича, Бахмал туманида яшовчи 26 ёшли ҳайдовчи ўзига тегишли Lacetti автомашинасида белгиланган тезликка амал қилмасдан, рул бошқарувини йўқотиб, қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб кетаётган 5- ҳамда 7-синф ўқувчиларини уриб юборган.

“100 км/соат тезликда кетаётгандим, бошқарувни йўқотдим, кейин болаларни уриб кетдим. Қолгани эсимда йўқ. Бунақа бўлишини билмагандим”, – дейди ҳайдовчи. 

Автомашина йўл четидаги уй деворига бориб урилган. Оқибатда ўша ердаги қорамолнинг ҳам жони узилган. 

Суриштирув давомида эркак 2023 йилнинг декабрь ойидан бугунга қадар 11 марта йўл ҳаракати қоидаларини бузган. Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари бошланган. Жиноят кодексининг 266-моддаси, 3-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳайдовчига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Янгиликлар