Самарқанд шаҳрида Туркиянинг Бош консулхонаси очилади

Вазирлар Маҳкамасининг 18 август, сешанба куни «Ўзбекистон Республикаси ва Туркия республикаси ўртасида стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Маълум бўлишича, 2020 йил якунига қадар Самарқанд шаҳрида Туркиянинг Бош консулхонаси очилади.

Қарор билан Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишни назарда тутувчи чора-тадбирлар дастури тасдиқланди ҳамда Туркия билан кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилди.

Мувофиқлаштирувчи кенгаш, жумладан, чора-тадбирлар дастурининг бажарилишини таҳлил қилади ҳамда ундаги тадбирлар ва лойиҳаларнинг ижросида амалий ёрдам кўрсатади.

Қарорга кўра, қуйидаги йўналишлар бўйича Туркия ҳукуматининг техник кўмаги кенгайтирилади ва етакчи турк экспертлари жалб қилинади:

  • соғлиқни сақлаш инфратузилмаси объектларини бошқариш соҳасидаги салоҳиятини ошириш;
  • сейсмология соҳасидаги институционал ва норматив-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш, замонавий халқаро стандартларни жорий этиш;
  • йўллар ва йўл бўйи инфратузилмасини қуриш ҳамда улардан самарали фойдаланиш соҳасида халқаро стандартларни жорий этишга кўмаклашиш;
  • «электрон ҳукумат» соҳасида Туркиянинг энг яхши ечимлари ва технологияларини жорий этиш.

Aввалроқ Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги элчиси мамлакат президенти Илҳом Алиевга ишонч ёрлиғини топширгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, «Ургут» эркин иқтисодий зонаси Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Озарбайжонга маҳсулот экспорт қилиши хабар қилинган.

Янгиликлар