«Ургут» эркин иқтисодий зонаси Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Озарбайжонга маҳсулот экспорт қилади
Самарқанд вилояти «Ургут» эркин иқтисодий зонасида фаолият бошлаган йирик экспортёр корхоналардан бири «SAM ELEKTRO SERVIS» Ўзбекистон ва Туркия қўшма корхонаси электр духовка, газ ва электр плиталар ишлаб чиқармоқда. Бу ҳақда Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
«Ўзбек» миллий бренди остида юқори сифатли маҳсулотлар тайёрлаш ва жаҳон бозорига олиб чиқишга ихтисослашган мазкур корхона 2018 йилнинг декабрь ойида ишга тушган.
Корхона томонидан пандемия муносабати билан жорий этилган карантин давомида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни экспорт миқдорини ошириш юзасидан мукаммал ҳаракат дастури ишлаб чиқилган.
Корхона йилига 260 минг дона электр духовка, 100 минг дона газ плита ва 100 минг дона дудбурон ишлаб чиқариш қувватига эга. Шунингдек, корхона 15 хил турда электр духовка, 10 хил турда газ плита, 5 хил турда дудбуронлар ишлаб чиқармоқда. Корхонада 200 га яқин ходим 2 сменада 24 соат давомида узлуксиз фаолият олиб бормоқда.
Маҳсулотларнинг 40 фоизи экспортга йўналтирилмоқда. Корхона маҳсулотларини Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Озарбайжон каби давлатларга экспорт қилмоқда.
«Туркия ва Хитойдан келтириб ўрнатилган замонавий ва юқори сифатли техник ускуналар ёрдамида ҳозирча газ плита ва электр духовкалар ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотга талаб юқори. Жумладан, 2019 йил давомида 1 200 000 минг АҚШ доллари қийматидаги маҳсулотни хорижга экспорт қилдик. 2020 йилда ҳам экспорт ҳажмини оширишга ва ишлаб чиқариш тармоғини кенгайтиришга ҳаракат қиляпмиз. Пандемия шароитига қарамасдан, 2020 йилнинг ўтган даври давомида корхона томонидан 500 минг АҚШ долларга яқин маҳсулот хорижга экспорт қилинди», – дейди корхона раҳбари Соҳиб Азимов.
Ўз ўрнида, корхонанинг экспорт операцияларини амалга ошириш жараёнларини қисқа вақт мобайнида божхона расмийлаштирувидан ўтказиш борасида «Самарқанд» ТИФ божхона постининг таркибидаги «Ургут» эркин иқтисодий зонаси пункти божхона ходимлари 24 соат давомида хизмат олиб бориб, импорт ва экспорт товарларини соддалаштирилган божхона расмийлаштирувидан ўтказиб келмоқда.
Аввалроқ БАА, Россия, Хитой, Индонезия ва Европа давлатларига Наманганда етиштирилган 4,3 миллиард долларлик қовун экспорт қилиниши ҳақда хабар берилган эди.