Андижон ҳокими вилоятдаги мигрантлар тайёрлаш маркази лойиҳаси билан танишди

Андижон вилояти ҳокими 19 сентябрь куни мигрантлар тайёрлаш маркази лойиҳалари тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Хабарда айтилишича, лойиҳа жами 6 гектар майдонда 280 ўринга мўлжалланган ётоқхона, кўргазмали ва амалий машғулотлар ўтказиш майдонлари, марказ ҳудудига киришда марказ фаолияти тўғрисида ахборот берувчи пештахта ва назарий билим олиш хоналарини ўз ичига олади. Бундан ташқари, ҳудудда ободонлаштириш ишларини олиб бориш хусусидаги таклифлар ҳам кўриб чиқилган.

Лойиҳада марказ ўқувчиларига қуёнчилик, чорвачилик, балиқчилик, пайвандчилик, боғдорчилик ва бошқа йўналишдаги амалий кўникмалар олиш учун алоҳида ер майдонлари ажратилиши кўзда тутилган.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Шунингдек, Президент қарорида келтирилган, ҳарбийлаштирилган таълим тизимини жорий этиш бўйича ҳам лойиҳалар тақдим этилди.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Аввалроқ Андижондаги коллеж ташқи мигрантлар тайёрлаш марказига айлантирилиши ҳақда хабар берилган эди.

Янгиликлар