Қоровулбозорда 12 нафар ҳарбий хизматчига «Меҳр-саховат» кўкрак нишони топширилди (фото)
Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида 12 нафар ҳарбий хизматчига «Меҳр-саховат» кўкрак нишонлари топширилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қоровулбозор туманида жойлашган ҳарбий қисм Мудофаа вазирлиги тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигига қарашли ҳисобланади.
Таъкидланишича, туман ҳокимлигининг мутасадди ходимлари, нуронийлар, Aфғон уруши фахрийлари иштирокида ўтган тадбирда Бухоро вилоятининг Қоракўл ва Олот туманидаги табиий офатни бартараф этишда намуна бўла олган ҳарбий қисмнинг 12 нафар ҳарбий хизматчиларига Президентнинг 2020 йил 26 майдаги фармони билан таъсис этилган «Меҳр–саховат» кўкрак нишони берилган.
Мукофотларни топшириш тадбирида подполковник Н.Aвазов ҳарбийларнинг амалга оширган тарғибот-ташвиқот тадбирлари, хайрия, меҳр-саховат ва донорлик акциялари хусусида алоҳида тўхталиб ўтган. Топширилаётган мукофот давлат раҳбарининг фидойи ҳарбийларга эътибори ҳамда ғамхўрлиги намунаси эканини таъкидлаган.
Aввалроқ Aндижонда 43 нафар Ички ишлар бошқармаси ходимига «Меҳр-саховат» кўкрак нишони топширилгани ҳақида хабар берилганди.