Фарғонада коронавирусга қарши курашда ёрдам берган 49 нафар ички ишлар ходими тақдирланди

Фарғона вилоятида коронавирусга қарши курашда ёрдам берган 49 нафар ички ишлар органлари ходими тақдирланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Қайд этилишича, коронавирус пандемияси даврида фидойилик кўрсатган ходимларни рағбатлантириш мақсадида 26 август куни давлат раҳбари томонидан «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан мукофотлаш тўғрисида фармон имзоланган.

Фото: Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Фармонга мувофиқ, пандемияга қарши курашиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамоат тартибини сақлашда жасорат кўрсатган фарғоналик ички ишлар органларининг 49 нафар ходими «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан тақдирланган.

Фото: Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Вилоят ички ишлар бошқармасида тантанали тадбир ташкил этилиб, бошқарма раҳбарияти томонидан кўкрак нишони ўз эгаларига топширилган.

«Касбига садоқатли, фидойи инсонларнинг меҳнати эътибордан четда қолмайди. Мукофотланганлар ўз хизмат фаолиятлари давомида Президент билдирган юксак ишончни оқлаб, бор куч ва имкониятларини ишга солиб, ватанга садоқат билан хизмат қилишга ваъда бердилар», дейилади хабарда.

Аввалроқ Ўзбекистонда меҳмонхона хизматлари сифатини оширишнинг рағбатлантирувчи механизмлари жорий этилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Мустақилликнинг 29 йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ижтимоий-иқтисодий соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаган.

Янгиликлар