Шерзод Шерматов: «Ўзбекистон 2030 йилда таълим сифати бўйича ТОП-30 таликка кириши керак»

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Тошкент ёшлар форумидаги чиқишида Ўзбекистон 2030 йилда таълим сифати бўйича дунёнинг ТОП-30 мамлакатлари қаторига киришига эришишимиз керак, деб таъкидлади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати

Маълумотларга кўра, ёшлар билан очиқ мулоқот шаклида ўтган форумда вазир томонидан халқ таълими соҳасининг асосий мақсади ёшларни келгусида муваффақиятга етаклаш эканлиги таъкидланиб, бугунги кунда ҳаётда ўз ўрнини топган чет эллик ҳамда ўзбек ёшлари мисолида муваффақиятга эришиш сирлари, ҳаётни яхши томонга ўзгартириш бўйича мотивация берилган.

«Энг аввало, мактаблардаги шарт-шароитларни янада яхшилаш керак. Бир неча йиллар олдин мактаблардаги шароитлар жуда ачинарли эди. Ҳаттоки пойтахт мактаблари шароити мақтагулик эмасди. Бу бўйича қиладиган ишларимиз анча.

Иккинчидан, ўқитувчиларни жамоавий ишлар ва ортиқча қоғозбозликлардан халос этиш зарур. Ўқитувчилар малакаси секин-асталик билан ошиб боряпти. Онлайн платформаларда дарс ўтишяпти, янги билимларни эгаллашмоқда.

Ота-оналарнинг таълимга бўлган муносабати ҳам ўзгарди. Фарзанди келажаги учун таълимда бўлаётган ислоҳотларга қизиқиш билдиряпти. Лекин умуман олганда, жамиятда таълимга нисбатан муносабат ўзгариши керак. Ёшларнинг ўзи ўзгармаса, билим олишга иштиёқи бўлмаса, мақсадларга эришишимиз қийинлашади», – дейди Шерзод Шерматов.

Фото: Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати

Аввалроқ Шерзод Шерматов Қашқадарёдаги 20 та мактаб директорини ишдан бўшатгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, самарқандлик 29 нафар инглиз тили фани ўқитувчиси АҚШнинг ESN лойиҳасида қатнашгани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар