Самарқандлик 29 нафар инглиз тили фани ўқитувчиси АҚШнинг ESN лойиҳасида қатнашди
Самарқанд вилоятида 26—27 октябрь кунлари 29 нафар инглиз тили фани ўқитувчиси АҚШнинг ESN («Erasmus» талабалар тармоғи) лойиҳасида қатнашди. Бу ҳақда «Zarnews» хабар берди.
Таъкидланишича, 26—27 октябрь куни ESN:SТT (Инглиз тилида сўзлашадиган миллат: ўрта мактаб ўқитувчиларининг малакасини ошириш) лойиҳаси раҳбарлари Самарқандда бўлиб, вилоятдаги мактабларнинг инглиз тили фани ўқитувчилари ўртасида ушбу лойиҳа тарғиб этилди. ESN:SТТ Халқ таълими вазирлиги, вилоят малака ошириш марказлари ва бошқа тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда инглиз тили фани ўқитувчилари жамоасини яратиш учун фаолият юритади.
Дастур уч босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда Бошқа тилларда сўзлашувчиларга инглиз тилини ўргатиш Халқаро уюшмаси ва Жорж Мейсон университети (GMU) томонидан олиб бориладиган интенсив ўқув дастурида қатнашиш учун ҳар бири 40—45 нафар умумтаълим мактабининг инглиз тили фани ўқитувчиcидан иборат иккита гуруҳ танлаб олинади.
Ҳар бир гуруҳ ТESOL’нинг 140 соатлик, жумладан, Ўзбекистон умумтаълим мактабларида 20 соатлик мажбурий амалиёт ўташни ўз ичига олган асосий сертификат дастурида иштирок этади. Семинар амалиётлари Ўзбекистон умумтаълим мактабларида ТESOL (Бошқа тилларда сўзлашувчиларга инглиз тилини ўргатиш) ҳамда Жорж Мейсон университети томонидан икки ҳафта давомида олиб борилади. Иккинчи босқичда асосий ўқитувчи-тренерлар (SТ) Тренерларни тайёрлаш институтида 10—12 ҳудуддаги касбдош ментор (RPM) гуруҳига тренинг ўтказади ва уларга менторлик қилади.
Учинчи босқичда SТ’лар тренерлиги ва раҳбарлиги остида RPM’лар бир йил давомида 10 нафар мактаб ўқитувчисини ўқитиб, уларга тренерлик қилади. Шу тарзда учинчи йил якунига қадар 15 000 нафар ўқитувчини ўқитишга эришилади.
Унга кўра, дастур доирасида энг яхши 300 нафар RPM ESN’нинг маҳоратли тренери томонидан ўқитилади ва ТESOL асосий сертификатини олиш имкониятига эга бўлади. Шу асосда улар Ўзбекистоннинг энг нуфузли асосий ўқитувчи-тренерлари жамоасига аъзо бўлиш имконига эга бўлади. Асосий ўқитувчи-тренерлар жамоа тренерларининг иш режалари ва ўқув материалларини ишлаб чиқади. Улар Халқ таълими вазирлигига ўқитувчилар малакасини ошириш курсларини ўтказиш учун тавсия қилинади. SТ’лар ва RPM’лар 2022 йил Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Минтақавий ТESOL конференциясида иштирок этиш имкониятига эга бўлади.
Қайд этилишича, Самарқанд вилоятидаги мактабларнинг 164 нафар инглиз тили фани ўқитувчиси ушбу лойиҳанинг саралашида иштирок этди. Уларнинг 29 нафари белгиланган талаблар асосида кейинги босқичга ўтган.
Аввалроқ Ўзбекистонда регбини ривожлантириш учун Япониядан икки нафар мураббий олиб келингани ҳақида хабар берилганди.