Тошкентда 11 млн сўмлик буюмларни Ўзбекистонга ноқонуний олиб кирмоқчи бўлган шахс ушланди

Тошкент вилояти «Ғишткўприк» чегара божхона постига пиёда ҳолда кириб келган фуқаро К.У. нинг қўл юклари божхона кўригидан ўтказилганида, оёқ кийимлари ичида 11 миллион сўмлик буюмлар борлиги аниқланган. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати «Tez News»га маълум қилди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Маълумотларга кўра, фуқаро К.У. полиетилен пакетга ўраб жойланган умумий қиймати 11 миллион сўмлик, оғирлиги 367 грамм бўлган заргарлик буюмларини чегарадан яшириб, олиб ўтмоқчи бўлган.

Яна бир ҳолатда «Ғишткўприк» чегара божхона постига қўшни давлатдан кириб келган «Lacetti» автомашинаси тўхтатиб текширилганда 24,8 миллион сўмлик буюмларни яширинча олиб ўтаётгани аниқланган.

Таъкидланишича, фуқаро А.Х. бошқарувидаги «Lacetti» юкхонасидаги қутиларда оғзаки сўровида маълум қилинмаган ва йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган умумий қиймати 24,8 миллион сўмлик 90 дона сартарошлик анжомлари борлиги аниқланган. Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Аввалроқ Фарғонада 144 миллион сўмлик ноқонуний товарлар божхонада ушлаб қолингани ва Янгиқўрғонда 125 миллион сўмлик аёллар кийимларини тегишли ҳужжатларсиз олиб юрган шахс ушлангани хабар қилинганди.

Янгиликлар