«Бизда реклама қиммат». Инстаблогер Дилшод Назаров рекламадан тушадиган даромад ҳақида

Таниқли инстаблогер Дилшод Назаров (dili.me) YouTube’даги «Inson» лойиҳасига берган интервьюсида битта рекламаси нархи қанча туриши, ойига қанча пул топиши ҳақида гапириб берди.

Фото: Instagram / @dili.me.rek

Таъкидланишича, блогер бевосита реклама нархига аралашолмайди. Жамоа ҳомийси ва администратор келишган ҳолда нарх белгилайди.

«Мен билмайман, администратор шу ердами? Тўғрисини айтсам, бизда реклама нархи қиммат. Лекин айнан қайсидир суммани айтолмайман. Бизнинг ҳомийимиз бор, ўшалар нархни белгилайди. Битта рекламамиз 1-1,5 миллион туради», — дейди Дилшод Назаров.

Шунингдек, у ойлик даромади ҳақидаги саволни очиқ қолдириб, бир ойда қанча ишлаб топишини ҳисобламаслигини маълум қилган.

Аввалроқ Отабек Умаров ва Муниса Ризаева инстаблогер Дилшод Назаровнинг пулли танловида ҳомий бўлгани ҳақида хабар берилганди. Мазкур конкурсда жами 88 нафар ҳомий бўлиб, у 30 декабрь куни бошланган.

Шунингдек, тиктокер Озодбек Хуррамов видеоларининг мақсади ва кунлик иш ҳақи ҳақида гапириб берганди. «Мен TikTok’да пул ишлаб топмайман, даромад, асосан, рекламадан келади. Битта реклама учун 100 доллар оламан. Кунига тахминан 2–3 та реклама чиқараман», — деганди блогер.