«UzAuto Motors» автомобиллар нархини пасайтириш имконсиз эканлигини маълум қилди

Монополияга қарши кураш қўмитасида 19 август, чоршанба куни «UzAuto Motors»га нисбатан «Рақобат тўғриси»даги қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан очилган иш бўйича навбатдаги тинглов ўтказилгани хабар қилинганди.

«UzAuto Motors» матбуот хизматининг хабар беришича, баҳсли масалаларни асослаш учун зарур қўшимча материалларни тайёрлашга муддат қисқа эканлиги туфайли компания томонидан иш кўриб чиқилиши кейинроққа қолдирилишини сўраб илтимоснома йўлланган. Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан иш бир тарафлама кўриб чиқилиб, якунда нотўлиқ маълумотларга асосланган қарор қабул қилинган.

«Қайд этиш ўринлики, автомобилларни ишлаб чиқариш мураккаб жараён бўлиб, уни ўрганиш етарлича вақт талаб этади. ‘UzAuto Motors’ фаолиятини янада чуқурроқ ва асослироқ ўрганиш келгуси суд муҳокамалари давомида мумкин бўлади — компания ўзининг ушбу ҳуқуқидан фойдаланишни режалаштирган.

Шуни ҳам қайд этиш ўринлики, Монополияга қарши курашиш қўмитаси қошидаги махсус комиссия қабул қилган қарор узил-кесил ҳисобланмайди — кейинги хатти-ҳаракатлар суд муҳокамалари якунларидан келиб чиқиб белгиланади.

Ўз навбатида, компания автомобиллар нарх асосли эканлигини ва ҳозирги вазиятда нархни пасайтириш имконсизлигини маълум қилади», — дейилади компания баёнотида.

Aввалроқ «UzAuto Motors»га нисбатан қўзғатилган иш видеоконференцалоқа тартибида кўриб чиқилаётгани ҳақида хабар берилганди. Кейинчалик қўзғатилган иш давомида аниқланган дастлабки қонун бузилиш ҳолатлари маълум қилинган.

Янгиликлар