«‘UzAutoMotors’ асоссиз киритилган харажатларни истеъмолчиларга қайтариши лозим» — Монополияга қарши курашиш қўмитаси
Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан «UzAuto Motors» АЖда қонун ҳужжатлари талаблари асосида текшириш ўтказилганлиги ҳамда жамиятга нисбатан «Рақобат тўғрисида»ги қонуни талаблари бузилиши аломатлари бўйича иш қўзғатилганлиги тўғрисида хабар берилганди. Мазкур иш қўмита махсус комиссиясининг 2020 йил 19 август куни навбатдаги йиғилишида кўриб чиқилиб, жамият фаолиятига доир аниқланган бир қанча маълумотлар тақдим этилди.
Жумладан, «UzAuto Motors» АЖ томонидан:
- ишлаб чиқарилаётган енгил автомобилларнинг базавий улгуржи ва чакана сотиш нархларининг шакллантирилишида харажатларни асоссиз ошириб киритиш орқали монопол юқори нарх қўлланилганлиги ва натижада енгил автомобилларнинг нархлари ўртача 10,29 фоизга ошириб шакллантирилганлиги;
- истеъмолчиларга енгил автомобилларни дилерлар орқали реализация қилишда истеъмолчилар ва хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини камситишга олиб келадиган ҳаракатларни содир этганлик, шу жумладан, шартнома предметига тааллуқли бўлмаган шартларни, рақобатнинг чекланишига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган бошқа ҳаракатларни содир этганлик ҳамда автомобилларни реализация қилиш бозорига бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг киришига тўсиқлар қўйиш орқали устун мавқейини суиистеъмол қилиш ҳолатларини содир этганлиги аниқланган.
Хабарда айтилишича, махсус комиссия томонидан юқоридаги ҳолатлар атрофлича ўрганилиб, «UzAuto Motors» АЖга қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилган.
«Унга асосан, «UzAuto Motors» АЖга:
Биринчидан, жамият томонидан ишлаб чиқарилаётган енгил автомобиллар нархини шакллантиришда товарнинг нархига хомашё ва материалларга, ёқилғи-энергетика ресурсларига ва ҳақиқатда амалга оширилмаган харажатларни, амалда юз бермаган меҳнат харажатларини ва бошқа харажатлар ёки бажарилмаган ишларни киритиш орқали монопол юқори нарх қўлланилиши қуйидаги ҳаракатлар билан, жумладан, 2020 йил март ойида тасдиқланган, бугунги кунда амалда бўлган ва истеъмолчиларга реализация қилинган:
— «Spark» автомобили LS M/T модификацияси чакана нархидан 3 002 010 сўм ва LT A/T модификацияси чакана нархидан 3 563 704 сўм;
— «Nexia 3» автомобили LТ M/T модификацияси чакана нархидан 3 112 039 сўм ва LTZ A/T модификацияси чакана нархидан 3 792 325 сўм;
– «Cobalt» автомобили LТ M/T модификацияси чакана нархидан 4 404 493 сўм ва LTZ A/T модификацияси чакана нархидан 10 526 707 сўм;
— «Gentra» автомобили SX M/T модификацияси чакана нархидан 13 825 248 сўм, SX M/T CNG модификацияси чакана нархидан 13 718 618 сўм ва CDX A/T Plus модификацияси чакана нархидан 19 806 932 сўм;
— «Damas» автомобили DLX модификацияси чакана нархидан 15 458 984 сўм, VAN модификацияси чакана нархидан 15 746 315 сўм ва Labo модификацияси чакана нархидан 13 052 930 сўм асоссиз киритилган харажатлар чегириш ва ушбу маблағларни истеъмолчиларга қайтариши лозим.
Иккинчидан, енгил автомобилларни сотиш бўйича келгусидан (мазкур қарор қабул қилингандан бошлаб) тузиладиган шартномалар юқорида қайд этилган асоссиз харажатларни чегириш орқали шакллантирилган нархлар асосида, ёхуд жамиятнинг маркетинг стратегиясидан келиб чиқиб енгил автомобилларнинг нархлари ўртача 10,29 фоиздан кам бўлмаган даражада ва таннархдан 942 891 108 031 сўм миқдоридаги асоссиз харажатларни камайтиришни инобатга олган ҳолда амалга оширилишини таъминлаш.
Жамият томонидан юқоридагиларни инобатга олган ҳолда енгил автомобилларнинг қайта кўриб чиқилган янги тасдиқланган нархларини қўмитага тақдим этиш.
Учинчидан, жамият томонидан ишлаб чиқарилаётган енгил автомобиллар истеъмолчиларга фақат «UzAvtoSavdo» дастури орқали тузилган шартномаларнинг кетма-кетлик навбатига қатъий риоя қилган ҳолда реализация қилинишини таъминлаш.
Тўртинчидан, экспортга йўналтирилган автомобиллар экспортга қилинмаган ёки экспортдан қайтган тақдирда ички бозорга дилерлар орқали сотишда тенг тақсимланишини таъминлаш.
Бешинчидан, фаолият юритаётган дилерлар ва дилер сифатида фаолият юритиш истагида бўлган барча тадбиркорлик субъектларига нисбатан бир хил шартлар қўйилиши таъминлансин, шунингдек, рақобатнинг чекланишига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларни содир этмаслик.
Олтинчидан, «Azimavtomotive» МЧЖ билан дилерлик шартномасидан 10 миллиард сўм миқдорида олдиндан тўлов ўтказиш шартини чиқариб ташлаш.
Еттинчидан, алоҳида махсус акцияга тушган автомобилларни муддатли тўлов асосида сотиш бўйича дилерлардан дистрибюторлик шартномасини тузиш таклифи билдирилганда барча иштирокчиларга тенг шартлар асосида шартнома тузилишини таъминлаш мажбуриятлари юклатилди», — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, мазкур қарор устидан бир ой муддатда Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳайъатига ёки тегишли маъмурий судга шикоят қилиниши мумкинлиги тушунтирилган.
Аввалроқ «UzAuto Motors»»га нисбатан қўзғатилган иш видеоконференцалоқа тартибида кўриб чиқилаётгани ҳақида хабар берилганди. Кейинчалик, қўзғатилган иш давомида аниқланган дастлабки қонун бузилиш ҳолатлари маълум қилинган. Шунингдек, депутат Расул Кушербаев «UzAuto Motors» иши юзасидан компаниянинг бирорта вакили ҳам қатнашмаётганлиги жуда ғалати эканлигини таъкидлаган.