Чилонзорда машинасида 54 млн сўмлик пиротехника воситаларини олиб юрган шахс ушланди

Тошкент шаҳри Чилонзор туманида машинасида қиймати 54 миллион сўм бўлган 230 дона пиротехника воситасини ноқонуний олиб юрган шахс ушланди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси ахборот хизмати «Tez News»га хабар қилди.

Фото: Божхона қўмитаси ахборот хизмати

Хабарга кўра, ҳолат Сирдарё вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри ҳудудида пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши ўтказган тадбир давомида аниқланган.

Тадбир давомида, кузатувга олинган фуқаро М.О. бошқарувидаги «Nexia-3» русумли автотранспорт воситаси Чилонзор тумани ҳудудига келиб тўхтаган вақтида кўздан кечирилган. Натижада ушбу автотранспорт воситасининг салони ва юкхонасида, сотиш мақсадида олиб келинган, хорижда ишлаб чиқарилган, ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган, умумий қиймати 54 миллион сўмлик, жами 230 дона  пиротехника воситалари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олиб қўйилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Тошкент вилоятида пиротехника портлашидан жароҳат олган 18 ёшли йигитнинг қўли операция қилингани ҳақида хабар берилган. Унга чап қўл панжа соҳасида катта ҳажмли эзилиб, йиртилган жароҳати, тўртинчи ва бешинчи бармоқлар жароҳати ва тирноқ фалангасининг травматик узилиши ташхиси қўйилган эди. Шунингдек, Тошкент вилоятида қўлбола пиротехника воситасини тайёрлаётган ўсмирлар чақнаш оқибатида жароҳатлангани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар