Наманганда уйида 769 та флакон «Тропикамид» дори воситасини яширган шахс қўлга олинди

Наманган вилоятида уйида тақиқланган «Тропикамид» дори воситасини сақлаб келган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, вилоят Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими ходимлари томонидан ушбу шахс уйида тезкор суриштирув ишлари амалга оширилган. Суриштирув жараёнида гумондор шахс ходимларни чалғитиш мақсадида унда марихуана моддаси борлигини айтиб, ўз ихтиёри билан ходимларга топширади. Бу вақт давомида гумондорнинг хотини «Тропикамид» дори воситаларининг маълум қисмини ёқиб юборишга эришади. Aммо ходимлар уйни тинтув қилиш жараёнида беркитилган барча «Тропикамид» дори воситаларини топган.

Қайд этилишича, уйда жами 769 та флакон бўлиб, ҳар битта флаконда 97,1 мг тропикамид моддаси борлиги аниқланган. Ҳозирда бу ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 251- моддаси (Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллаш) 3- қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, Ургутда 1 200 000 сўмлик героин гиёҳвандлик моддасини сотган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар