Ўзбек—туркман чегарасида тамаки контрабандаси билан шуғулланувчилар ва чегарачилар ўртасида отишма содир бўлди

Туркманистоннинг Лебоп вилояти ва Ўзбекистоннинг Бухоро вилояти ўртасидаги чегарада 17 cентябрга ўтар кечаси отишма содир бўлди. Бу ҳақда «Хроника Туркменистана» хабар қилди.

Фото: «Хроника Туркменистана» интернет нашри

Хабарга кўра, отишма Туркманистоннинг Лебоп вилояти хавфсизлик хизмати ходимлари, прокуратура, полиция ва чегара хизмати ходимлари иштирокида Фароб тумани ва Бухоро вилоятининг Олот тумани ўртасидаги чегарада ўтказилган рейд давомида содир бўлган.

Хабарда айтилишича, ҳарбийлар Aму-Бухоро каналида қайиқда юк ортиб кетаётган одамларни пайқаб, ҳавога огоҳлантирувчи ўқ узган. Шунда қарама-қарши қирғоқдан ҳам номаълум киши томонидан Туркманистон томонга ўт очилган.

Бу вақтда қайиқдаги шахслардан бири канал ўртасида сувга сакраб, Ўзбекистон қирғоғига сузиб кетгани айтилмоқда. Натижада иккала томондан бир нечта ўқ узилган. Ҳодиса натижасида ҳеч ким жабрланмагани аниқланди.

Маълум қилинишича, икки киши Туркманистон чегарасида қўлга олинган. Маълумотларга қараганда, уларда Россияда ишлаб чиқарилган 50 қути сигарета бўлган, 20 та қути ортилган қайиқ Ўзбекистон қирғоғига жўнатилган.

Ҳибсга олинган Туркманистон фуқаролари Миллий хавфсизлик вазирлигининг Туркманободдаги вилоят бўлимига олиб кетилган. Дастлабки тергов давомида ҳибсга олинганлар сигарета контрабандаси билан шуғулланганлиги ва бундай операция биринчи марта ўтказилмаганлиги маълум бўлган. Aниқланишича, Туркманистондан 150 қути сигарета олиб чиқиб кетиш режалаштирилган.

Таъкидланишича, содир бўлган ҳолатни Туркманистон прокуратураси ўрганади ва терговчилар сигареталар қаерга етказилгани ва қайси савдо дўконлари орқали сотилганини аниқлайди. Aйни пайтда ҳолат юзасидан иккита қонунбузарлик аниқланган: контрабанда ва қуролли қаршилик кўрсатиш.

Янгиликлар