Каттақўрғонда қарздор ота салкам 10 млн сўм алимент тўлади
Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида қарздор ота салкам 10 миллион сўм алимент тўлади. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси Каттақўрғон шаҳар бўлими хабар берди.
Хабарга кўра, фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг қарори билан фуқаро Фарруҳ Собировдан ундирувчи Шоҳида Собированинг икки нафар вояга етмаган фарзанди учун учдан бир қисми миқдорида алимент ундириб бориш белгиланган. Қайд этилишича, бу ҳолат бўйича Мажбурий ижро бюроси Каттақўрғон шаҳар бўлими томонидан ижро иши юритилган. Анчадан бери фуқаро Собиров алимент тўловларини тўламасдан келган.
Шунинг учун бюронинг Каттақўрғон шаҳар бўлими ходимлари томонидан тушунтириш ва профилактик тадбирлар амалга оширилган. Натижада қарздор ота 9 миллион 800 минг сўм пулни тўлаб берган.
Аввалроқ Қўрғонтепада ота фарзанди учун олдиндан 15 миллион сўм алимент тўлагани, Наманганда алиментдан салкам 2,5 миллион сўм қарзи бор эркак хотини билан ярашиб олгани ҳақида хабар қилинганди.