Марғилонлик эркак Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонасида портлаш бўлиши ҳақида ёлғон хабар берди

Тошкентда 19 октябрь куни Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонасида портлаш бўлиши тўғрисида ёлғон маълумот берган фуқаронинг шахси аниқланди. Бу ҳақда «Postda» хабар берди.

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, 19 октабрь соат 17:32 да ички ишлар идорасига келиб тушган мурожаатда шу куни номаълум шахс Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани Боғ кўчасида жойлашган «Uztelecom» алоқа компанияси операторига қўнғироқ қилиб, рус тилида «Эртадан кейин Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонасида портлаш бўлади» деб, гўшакни ўчириб қўйган.

Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида номаълум шахс қўнғироқ қилган телефон рақами Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида яшовчи, 2000 йилда туғилган Ж.Н.нинг номига расмийлаштирилгани, лекин у ушбу рақамдан фойдаланмаслиги маълум бўлган. Ундан тоғаси, Марғилон шаҳрида яшовчи 1965 йилда туғилган А.Д. фойдаланиши аниқланган. Айнан у ушбу қўнғироқни амалга оширган бўлиб чиқди.

Мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилиб, А.Д.нинг нима мақсадда бундай қилганлигига ойдинлик киритилмоқда.

Аввалроқ Қўйлиқдаги 21-санчастга бомба қўйилгани ҳақида ёлғон маълумот берган қиз қидирилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар