Ўзбекистонда 16 ёшдан автомобиль бошқаришга рухсат бериш ҳақидаги таклифга муносабат билдирилди

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси фуқаро Бақоевнинг Ўзбекистонда 16 ёшдан автомобиль бошқаришга рухсат бериш ҳақидаги «Менинг фикрим» жамоавий мурожаатлар порталига жойлаштирилган таклифи юзасидан расмий муносабат билдирди.

Муносабатда Ўзбекистонда ҳам ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун бир қанча талаблар белгиланган. ‘Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида’ги қонун талаблари асосида ишлаб чиқилган Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги 408-сон қарори билан тасдиқланган низомда ‘А’ тоифадаги мототранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлиш учун 16 ёшга, ‘В’ ва ‘ВС’ тоифага эга бўлиш учун 18 ёшга ҳамда ‘D’ тоифага эга бўлиш учун эса 21 ёшга (жумладан, трамвай ва троллейбуслар) тўлган шахсларга рухсат этилиши келтирилган.

«16 ёшли бола ҳали мактаб ёки касб-ҳунар коллежи ўқувчисидир. Айнан ушбу ёшдаги болалар ўқишини давом эттириши, бошқа ишлар билан чалғимаслиги зарур.

16 ёшли болаларда тиришқоқлик, изланувчанлик билан бирга мақтанчоқлик, олифталик каби ҳислатлар ҳам энг авжига чиққан вақт ҳисобланади. Бу ёшдаги болаларнинг транспорт воситасини ўзбошимчалик билан бошқариши салбий оқибатлар билан якун топганлиги ҳолатлари учрамоқда.

16 ёшли болаларда ҳали ‘Мен’ деган фикр сўнмаган бўлиши, мақтанишни, олифталикни яхши кўриши, бунинг оқибатида эса йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслик, менсимаслик ёки қасддан тенгдошларига, дўстларига автомобилини мақтаниш учун йўл ҳаракати қоидаларига қарши ҳаракат қилиши мумкин, бу эса фожияли оқибатларга сабаб бўлиши мумкин»,  дейилади Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармасининг расмий муносабатида.

Маълумот ўрнида, 2020 йилнинг ўтган 9 ойи давомида ҳайдовчилик гувоҳномасини олганига 2 йил бўлмаган ҳайдовчилар томонидан 612 та йўл-транспорт ҳодисалари содир этилган бўлиб, оқибатда 191 нафар фуқаро ҳаётдан кўз юмган. 571 нафари турли даражадаги тан жароҳатлари олган.

Аввалроқ Фарғона ЙҲХБнинг Рўйхатлаш ва имтиҳон олиш бўлимлари дам олиш кунларида ҳам ишлаши, Фарғонада йўл ҳаракатлари қоидаларини бузган Ички ишлар бошқармаси ходимига чора кўрилгани хабар қилинганди.

Янгиликлар