Фарғона ЙҲХБнинг Рўйхатлаш ва имтиҳон олиш бўлимлари дам олиш кунларида ҳам ишлайди

Фарғона вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг Рўйхатлаш ва имтиҳон олиш бўлим ва бўлинмалари дам олиш кунларида ҳам ишлайди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.

Фото: Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Хабарга кўра, вилоят Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг Рўйхатлаш ва имтиҳон олиш бўлим ва бўлинмалари шу вақтга қадар ҳафтада 5 кун, яъни пайшанба ва якшанба кунларидан ташқари кунларда фуқароларга хизмат кўрсатиб келаётган эди. Бу эса аҳоли орасида турли эътирозларга сабаб бўлган.

Маълум қилинишича, ушбу муаммони ҳал этиш, фуқароларга қулайликлар яратиш мақсадида эндиликда ушбу бўлим ва бўлинмалар ҳафтанинг барча кунларида — дам олиш кунисиз иш фаолиятини олиб боради. Таъкидланишича, хизматлар ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари Рўйхатлаш ва имтиҳон олиш бўлим ва бўлинмалари ходимларининг дам олишларига таъсир кўрсатмаган ҳолда — навбатчилик асосида амалга оширилади.

Aввалроқ Фарғонада йўл ҳаракати қоидабузарликларини аниқловчи фотовидеофиксация ва онлайн радар қурималари ўрнатилгани ҳамда Фарғонада ЙПХ ходимлари томонидан махсус планшетлар орқали 305 та коидабузарлик аниқлангани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар