Коронавирус Антарктида қитъасига ҳам етиб борди

Антарктида қитъасида жойлашган «О’Хиггинс» тадқиқот станциясида 36 кишида COVID-19 қайд этилди. Бу ҳақда 22 декабрь, сешанба куни Австралиянинг «АBC» телеканали маълум қилди.

Фото: «Accosiated Press»

Таъкидланишича, вирус юқтирганлар орасида 26 нафар Чили ҳарбийси ва хизмат кўрсатувчи ходимлардан яна 10 киши бор. Айни пайтда улар Чили жанубидаги Пунта Аренас шаҳрига кўчирилган ва ўзини ўзи яккалаш тартибида ишлашни давом эттирмоқда. Шунингдек, базага ёрдам бериш учун келган кема экипажининг уч аъзосига ҳам коронавирус ташхиси қўйилган.

Маълумот учун, «О’Хиггинс» Антарктидадаги 13 та фаол Чили базаларидан бири ҳисобланади. У Антарктида ярим оролининг энг шимолий нуқтаси яқинида жойлашган. Антарктидада ҳеч ким доимий яшамаслигига қарамай, қиш мобайнида мингга яқин тадқиқотчи ва бошқа меҳмонлар у ерда бўлган.

Эслатиб ўтамиз, SARS-CoV-2 коронавируси 2019 йилнинг декабрь ойида Хитойнинг Хубэй провинциясидаги Ухан шаҳрида аниқланган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 11 март куни COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалишини пандемия деб эълон қилган. Шу кунгача Антарктида сайёрадаги коронавируссиз ягона қитъа бўлиб турган эди.

Янгиликлар