Видео: Косон тумани ҳокими ўринбосари фуқаронинг мурожаатини ётиб олиб қабул қилди

Қашқадарё вилояти Косон туман ҳокими ўринбосари мурожаат билан келган фуқарони ётиб олиб қабул қилгани акс этган видеолар ижтимоий тармоқда тарқалди.

Кадр: Telegram

Видеодан маълум бўлишича, аёл уй-жой масаласи юзасидан ҳоким ўринбосари Убайдулло Очиловга мурожаат қилган. Ҳоким ўринбосари эса унга уй-жой масаласи билан у шуғулланмаслигини айтган. Aёл «ўтган сафар сиз ваъда бериб келган эдингиз-ку», дея жавоб қайтарган. Шунингдек, ҳоким ўринбосари коммиссия бу иш билан шуғулланаётганини таькидлаган. Aёл эса 2020 йилда бўлади деб ваъда берилганини айтиб, норозилик билдирган. Бу вақтда ҳоким ўринбосари «2020 йил энди келади-ку», дея жавоб қайтарган.

Косон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати ҳоким ўринбосари Убайдулло Очиловнинг ушбу ҳолатга берган изоҳини эълон қилди. Унга кўра, 2019 йилнинг ноябрь ойида фуқаро уй-жой масалалари бўйича унинг олдига келган ва у фуқарога тегишлича жавоб қайтарган. Бироқ фуқаро яна унинг олдига келиб, саволларини такроран берган. Ҳоким ўринбосари эса бу вақтда грижаcи (диск чурраси) ушлаб қолгани сабаб хонасида ётган бўлган.

Убайдулло Очиловнинг таъкидлашича, фуқаро видеога олаётганини у сезмаган ва эътибор ҳам қилмаган. Шунингдек, ҳоким ўринбосари шифохонада даволаниб чиққанини ҳам таъкидлаб ўтган.

«Мен Очилов Убайдулло ҳақида айтилган фикрларга изоҳ бермоқчиман. 2019 йилнинг ноябр ойларида Гулруҳ Боборажабова келиб менга уй жой масаласи бўйича мурожаат қилди. Мен унинг мурожаатини тегишлича саволларига жавоб бердим ҳамда белимдаги грижа ушлаб қолгани учун тушлик вақти эди хонамда ётган вақтимда у олдимга келиб, боя айтилган саволларни яна қайтадан йўллади. Мен яна қонуний тегишлилигича жавоб бердим», — дейди ҳоким ўринбосари.

Аввалроқ Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов йиғилиш пайтида кўчада шовқин кўтарган 3 аёлни қаматганини айтган аудио ижтимоий тармоқларда тарқалгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар