«Бу ишни охирига етказамиз». Абдукарим Мирзаев уни сабабсиз 33 кун қамаб қўйишганига муносабат билдирди

Туркияда таҳсил олаётган ўзбекистонлик журналист Абдукарим Мирзаев «шубҳали шахслар» билан алоқадорликда гумонланиб, Истанбулда қўлга олинган эди. Гумонлар ўз тасдиғини топмагач, 33 кундан сўнг озод этилди. Журналист «Kun.uz»га берган интервьюсида уни сабабсиз 33 кун қамаб қўйишганига муносабат билдирди.

Кадр: YouTube

Абдукарим Мирзаев нега уни сабабсиз қамаб қўйишганига аниқлик киритиш учун адвокатлари охиригача ишлашини маълум қилган.

«Ҳам Ўзбекистон, ҳам Туркиядаги кенг жамоатчиликнинг, Ўзбекистон консуллигининг ҳаракатлари билан масала тез ҳал бўлди. Албатта, адвокатларимизга ҳам ташаккур. Бу ишни охирига етказамиз. Нега ундай бўлганига аниқлик киритиш учун адвокатларимиз иншааллоҳ охиригача ишлашади. Жараён давом этади: қарши даъво очамиз. Келгусида исталган одам исталган вақтда бундай безовта қилинмаслиги учун.

Чунки истаган одам истаган жойига олиб бориб қўйиб, ҳеч нарса бўлмагандек қўйиб юбора олишмайди. Йўқ, унақаси кетмайди. Биз албатта қарши даъво очамиз, сабабини сўраймиз. Фуқаро давлат белгилаган қоидаларга бўйсуниб яшайди, бунинг эвазига давлат унинг тинчлиги, хавфсизлиги, ҳуқуқларини таъминлаш мажбуриятини олади. Иккала томоннинг ҳам ўз мажбуриятлари бор. Аммо сиз барчасини тўғри қилсангиз-у, давлат келиб сизнинг тинчингизни бузса, мен фуқаро сифатида давлатдан сўрайман: нега тинчимни буздинг? Сабабини тушунтир.

Мен бундай дея расмий йўл билан сўрайман, албатта. Адвокатлар орқали, ҳуқуқий йўл билан. Қарши даъво очилади. Бу ишни охирига етказамиз. Чунки мен ҳеч бир хато қилмадим, деб ҳисоблайман. Агар хато қилганимда, бугун сиз билан суҳбатлашиб ўтирмаган бўлардим», дейди журналист.

Эслатиб ўтамиз, Бош прокуратура Ўзбекистонда Абдукарим Мирзаевга ҳеч қандай иш очилмаганини маълум қилган. Шунингдек, журналистнинг мамлакатдан депортация қилинмаслиги айтилган. «Газета.uz»нинг Туркиядаги мухбири Санжар Рустамов айни вақтда ушбу масалага турк матбуоти ҳам эътибор қаратгани, ўзбек журналистининг айби исботланмаган бўлса ҳам Миграсия идорасининг Депортация марказида сақлаб турилгани айтилаётганини маълум қилган.

Кейинчалик Абдукарим Мирзаевнинг адвокати унинг иши бўйича қўшимча баёнот бериб, унинг ҳеч қандай айби бўлмасада, ҳалигача озодликка чиқарилмаятгани ҳақидаги баёнотни тарқатган.

Янгиликлар