Туркияда қамоққа олинган журналист Абдукарим Мирзаев озод этилди

Туркияда ҳибсга олинган машҳур журналист Абдукарим Мирзаев 12 январь, сешанба куни озодликка чиқди. Бу ҳақда «Кorrespondent» хабар қилди.

Кадр: YouTube

Айтилишича, унга нисбатан илгари сурилган барча гумонлар тасдиғини топмаган. «Ҳозиргина ҳамкасбимиз Абдукарим Мирзаев Истанбул Иммиграция идорасининг Чет элликларни депортация қилиш марказидан қўйиб юборилди», дейилади хабарда.

Айни вақтда журналист ўз уйига йўл олган. Тез орада жонли эфирга чиқиб, бўлиб ўтган ҳодисалар ҳақида ўз муносабатини билдириши айтилган.

Маълумот ўрнида, Кастамону университети Коммуникациялар факультети журналистика бўлими магистранти ва журналист Абдукарим Мирзаев 2020 йил 11 декабрь куни турк полицияси томонидан қўлга олинган. Журналистни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш учун ёлланган адвокат вазиятни ўргангач, кимдир Абдукарим Мирзаевга тегишли рақам орқали шубҳали шахслар билан мулоқотда бўлгани ҳақида хабар бергани, ушбу маълумот ортидан журналист кузатилиб, сўнгра қўлга олинганини аниқлаган.

Бироқ Бош прокуратура Ўзбекистонда Абдукарим Мирзаевга ҳеч қандай иш очилмаганини маълум қилган. Шунингдек, журналистнинг мамлакатдан депортация қилинмаслиги айтилган. «Газета.uz»нинг Туркиядаги мухбири Санжар Рустамов айни вақтда ушбу масалага турк матбуоти ҳам эътибор қаратгани, ўзбек журналистининг айби исботланмаган бўлса ҳам Миграсия идорасининг Депортация марказида сақлаб турилгани айтилаётганини маълум қилган.

Кейинчалик Абдукарим Мирзаевнинг адвокати унинг иши бўйича қўшимча баёнот бериб, унинг ҳеч қандай айби бўлмасада, ҳалигача озодликка чиқарилмаятгани ҳақидаги баёнотни тарқатган.