Саида Мирзиёева хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернати фаолияти билан танишди

Мактабда 260 дан ортиқ болалар ўқишни бошлади, улар STEM-фанлари, инглиз ва хитой тилларини чуқурлаштириб ўрганадилар

Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева 260 дан ортиқ болалар ўқишни бошлаган ихтисослаштирилган мактаб-интернат фаолияти билан танишди.

Қайд этилишича, ўқув жараёнида STEM-йўналишига — математика, физика, кимё, биология ва ахборот технологияларига алоҳида эътибор қаратилган.

Болалар бу фанларни чуқур ўзлаштириш баробарида лойиҳалар устида ишлайдилар, билимларини амалиётда қўллаш кўникмасини ҳосил қилиб, мустақил тадқиқотлар олиб борадилар. Хорижий тиллардан инглиз ва хитой тиллари кучайтирилган тартибда ўқитилади.

Шу билан бирга, ўқув дастурининг салмоқли ҳамда муҳим қисми она тили, Ўзбекистон тарихи, адабиёти ва маданиятига ажратилган.

Ёшларга замонавий таълим бериб, келажаги учун кенг имкониятлар эшигини очар эканмиз, айни пайтда уларга ватан туйғуси, ўзлиги ва миллий маданияти билан боғлиқликни доимий сингдириб бориш зарур  — менимча, таълимда энг тўғри ёндашув шу, — деди Мирзиёева.

 

Ўзбекистон