«Судьянинг мақоми тўғрисида»ги қонун Сенатга юборилди

Қонунчилик палатаси депутатлари судьялар мақомини алоҳида қонун даражасида мустаҳкамлаш ҳамда суд ҳокимияти мустақиллигини янада кучайтиришга қаратилган ҳужжатни қабул қилишди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари «Судьянинг мақоми тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар, хабар беради парламент қуйи палатаси матбуот хизмати.

Ушбу ҳужжат судяларнинг мақомини алоҳида қонун даражасида белгилаш ҳамда суд ҳокимияти мустақиллигини янада мустаҳкамлашга қаратилган. У билан судялик лавозимига номзодлар учун айрим талаблар қайта кўриб чиқилмоқда. Хусусан, судя ҳамда халқ маслаҳатчилари учун ёш сензини 35 ёшдан 30 ёшга тушириш белгиланмоқда.

Қонун лойиҳасини иккинчи ўқиш муҳокамаси учун такомиллаштириш давомида судя фаолиятининг асосий принципларига доир нормалар қайта тизимлаштирилгани, хусусан, судянинг қарор қабул қилишда сиёсий қарашлардан ва бошқа ташқи таъсирлардан холи бўлиши алоҳида принцип сифатида мустаҳкамлаб қўйилгани қайд этилди.

Шу билан бирга, судянинг мустақиллигига оид нормалар эса тегишли моддада тизимли ва яхлит тарзда ифодаланганлиги таъкидланди.

Лойиҳа билан қонунчиликка янги кириб келаётган истеъфодаги судянинг мақомига ва унинг фаолияти кафолатларига оид нормалар янада аниқлаштирилгани ҳам айтиб ўтилди.

Жумладан, истеъфодаги судяга гувоҳнома бериш, уни ўз розилиги билан судялар ҳамжамияти органлари фаолиятига жалб этиш, судя сифатида ишлаган даврида одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ билдирган фикрлари ва қабул қилган қарорлари учун дахлсизлик кафолатларини сақлаш, шунингдек профессионал медиаторлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи тақдим этилишига оид масалалар аниқ ифодаланмоқда.

Шунингдек, судяларни интизомий жавобгарликка тортишга сабаб бўладиган ҳаракатлар аниқ мезонлар асосида қайта ифодаланди. Хусусан, «қонунийликни қўпол равишда бузиш» тушунчасининг мазмуни очиб берилди, бундай ҳолатни юқори инстанция суди томонидан аниқлаш ва тегишли хусусий ажримда қайд этиш механизми белгиланди.

Муҳокамаларда депутатлар судяларнинг мақомини алоҳида қонун даражасида белгилаш суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, судяларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясини кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидладилар.

Мажлисда қонун лойиҳаси қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Ўзбекистон