Тошкент ҳамда Фарғона вилоятларида фуқароларни ноқонуний «Умра» зиёратига юбормоқчи бўлганлар ушланди

Ҳозирда ҳар икки ҳолат бўйича қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган

Тошкент ҳамда Фарғона вилоятларида «Умра» зиёрати билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош қилинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар беради.

Жумладан, Тошкент туманида яшовчи, 1984 й.т. шахс тегишли лицензияга эга бўлмаган ҳолда, алдов йўли билан пойтахтлик фуқаронинг ишончига кириб, ўзининг танишлари орқали уни Саудия Арабистонига «Умра» зиёратига юбориш эвазига 1100 АҚШ доллари талаб қилади.

Натижада, мазкур шахс 1 минг АҚШ доллари ва 1,2 млн сўм пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Шу каби ноқонуний ҳолат Фарғона вилоятида ҳам кузатилган.

Жумладан, Данғара туманида фаолият юритувчи туристик фирма менежери 2 нафар учкўприклик фуқарони «Умра» сафарига юбориш эвазига 2200 АҚШ доллари олган вақтида унинг ноқонуний ҳаракати фош этилган.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат бўйича қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Ўзбекистон