Ўзбекистонда пенсия ёшини ошириш таклиф этилди

Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган лойиҳага кўра, 2028 йил 1 январдан бошлаб пенсия ёшини ҳар йили уч ойга ошириш режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда умумий белгиланган пенсия ёшини босқичма-босқич ошириш таклиф этилди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тегишли лойиҳани жамоатчилик муҳокамасига қўйди.

Ҳужжат билан 2027 йил 1 январдан эътиборан умумий белгиланган пенсия ёшини бир йилга қисқартирган ҳолда пенсия тайинлашнинг амалдаги тартибини бекор қилиш таклиф этилмоқда.

2028 йил 1 январдан бошлаб пенсия ёшини ҳар йили уч ойга ошириш режалаштирилмоқда. 2039 йилга келиб у эркаклар учун 63 ёшни (ҳозирда — 60 ёш), аёллар учун эса 58 ёшни (ҳозирда — 55 ёш) ташкил этиши мумкин.

Лойиҳага кўра, пенсия ёши ошириладиган даврда пенсия олди ёшидаги фуқаролар учун бир қатор кафолатлар белгилаш таклиф этилмоқда — пенсия олди ёши сабабли ишдан бўшатиш ёки ишга қабул қилишни рад этишга йўл қўйилмайди.

Ишсиз деб тан олинган фуқаролар учун муддатидан икки йил олдин пенсияга чиқиш ҳуқуқи сақлаб қолинади. Бунда пенсия олувчиларга қўлланиладиган солиқ, транспорт ва тиббий имтиёзларни ҳам сақлаб қолиш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, ҳужжат билан тўлиқ иш куни давомидаги ишларда, шунингдек, зарарли ва оғир меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган 50−55 ёшдаги эркаклар ва 45−50 ёшдаги аёллар учун имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини сақлаб қолиш таклиф этилмоқда.

Эркакларга жамғариб бориладиган пенсия маблағларини 60 ёшдан, аёлларга эса 55 ёшдан олиш ҳуқуқи берилади.

Ўзбекистон