Тошкентда «Салар» канали бўйи замонавий дам олиш масканига айлантирилади
Пиёдалар ва велосипедистлар йўлаклари, ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус йўлаклар барпо этиш, ўриндиқлар ва шийпончалар ўрнатиш, болалар ҳамда workout майдончаларини ташкил этиш режалаштирилмоқда

Мирзо Улуғбек туманидаги Мирзакалон Исмоилий ва «Асака» маҳаллаларидан ўтувчи «Салар» канали бўйи ободонлаштирилиб, замонавий дам олиш масканига айлантирилади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар беради.
Жумладан, қарийб 1,5 километр узунликдаги ҳудуд Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги биноси олдидан бошланиб, Марказий истироҳат боғигача давом этади.
Лойиҳа доирасида мавжуд дарахтлар ва яшил ҳудудлар сақлаб қолиниб, тартибга келтирилади. Канал бўйидаги бинолар хатловдан ўтказилиб, ноқонуний эгалланган ҳудудлар тартибга солинади.
Шунингдек, пиёдалар ва велойўлаклар, ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус йўлаклар, ўриндиқ ва айвончалар, болалар ҳамда workout майдончалари ташкил этилади.
Мирзакалон Исмоилий маҳалласидаги 1А, 2, 3, 5 ва 7-сонли кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватларидан самарали фойдаланилиб, тадбиркорлик фаолияти йўлга қўйилади ва янги иш ўринлари яратилади.





