Туркияда қамоққа олинган журналист Абдукарим Мирзаевнинг депортация масаласи кўриб чиқилди

Туркиянинг Истанбул шаҳрида турк полицияси томонидан қўлга олинган Абдукарим Мирзаевнинг мамлакатдан депортация қилинмаслиги маълум бўлди. Бу ҳақда журналист фаолият кўрсатаётган YouTube’даги «Registon TV» каналининг расмий саҳифаларида хабар берилди.

Кадр: YouTube

Қайд этилишича, журналистнинг озод этилиши вақт билан боғлиқ масала ҳисобланади.

«Азизлар, ‘Registon TV’ оиласи аъзоси, журналист ва режиссёр Абдукарим Мирзаев билан боғлиқ хушхабаримиз бор. Истанбул Миграция идорасидан олинган сўнгги маълумотларга кўра, Абдукарим Мирзаев депортация қилинмайди. Унинг озод этилиши эса вақт билан боғлиқ масала», дейилади хабарда.

«Газета.uz»нинг Туркиядаги мухбири Санжар Рустамов айни вақтда ушбу масалага турк матбуоти ҳам эътибор қаратгани, ўзбек журналистининг айби исботланмаган бўлса ҳам Миграсия идорасининг Депортация марказида сақлаб турилгани айтилаётганини маълум қилган. Сўнгги маълумотларга кўра, Туркия Буюк Миллат Мажлисининг миллат вакили (депутати) Мустафа Енероғлунинг котибиятидан Абдукарим Мирзаевнинг адвокатига қўнғироқ бўлган ва зарур маълумотлар олинган.

Эслатиб ўтамиз, 11 декабрь куни Таниқли журналист Абдукарим Мирзаев Туркияда қамоққа олингани ҳақида хабар берилганди. Журналистни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш учун ёлланган адвокат вазиятни ўргангач, кимдир Абдукарим Мирзаевга тегишли рақам орқали шубҳали шахслар билан мулоқотда бўлгани ҳақида хабар бергани, ушбу маълумот ортидан журналист кузатилиб, сўнгра қўлга олинганини аниқлаган.

Кейинги куни ёлланган адвокат у билан учрашган, полисияга журналистнинг шубҳали шахслар билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини исботловчи далил ва ҳужжатларни тақдим этган. Шубҳа ва гумонлар ўз тасдиғини топмаганидан сўнг уни мамлакатдан депортасия қилиш тўғрисида қарор чиқариб, Миграция идорасининг чет элликларни сақлаш бўлимига юборганди.

Кейинчалик Бош прокуратура Ўзбекистонда Абдукарим Мирзаевга ҳеч қандай иш очилмаганини маълум қилганди. Бош прокуратураси матбуот хизматининг «Tez News»га маълум қилишича, Ўзбекистон томони Туркияда қўлга олинган ўзбекистонлик журналист Абдукарим Мирзаевнинг қўлга олинишига алоқадор эмас. Шунингдек, Бош прокуратурада Абдукарим Мирзаев билан боғлиқ жиноий иш мавжуд эмас, унинг ўзи ҳам қидирувга берилмаган.

Янгиликлар