Парламентда аёллар ўрни икки карра ошди — Танзила Норбоева
Бухорода бўлиб ўтаётган форум давомида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритди. Бу ҳақда Tez News мухбири хабар бермоқда.

Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати
Хабар берилишича, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш борасидаги қилинган ишлар натижасида мажбурий меҳнат, жумладан, болалар меҳнатига буткул барҳам берилишига эришилган.
«Давлат ва жамият ҳаётида аёлларнинг ўрни ва нуфузи юксалиб бормоқда. Хусусан, Парламентда аёллар ўрни икки карра ошди. Парламентлараро иттифоқ эътирофига кўра, хотин-қизларнинг қонун чиқарувчи ва ижро ҳокимияти доирасида иштироки бўйича Ўзбекистон иттифоққа аъзо 190 та давлат орасида 45-ўринни эгаллади. Ваҳоланки, бир неча йил олдин биз бу рўйхатда жуда пастда эдик», — деди Сенат Раиси.
Қайд этилишича, Жаҳон банкининг Аёллар, бизнес ва қонун индексида Ўзбекистон хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича аҳамиятга молик ислоҳотларни амалга оширган 27 та давлат қаторидан жой олди.
Бундан ташқари, қонун ижодкорлиги ва парламент назорати институтларидан фойдаланган ҳолда, барқарор ривожланишнинг мақсад ва вазифаларини ҳаётга татбиқ этишда ҳар иккала палата фаол иш олиб бормоқда.
«Таъкидлаш керакки, бюджет харажатларининг аксарият қисми ижтимоий соҳаларни ривожлантиришга йўналтирилмоқда. Бугун Ўзбекистон бюджети – ижтимоий йўналтирилган бюджет, деб бемалол айтиш мумкин», — дея таъкидлади Танзила Норбоева.
Шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат ташкилотлар, ёшлар ташкилотлари ҳам кенг жалб этилган.