Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги раҳбарларида коронавирус аниқланди

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов ва унинг ўринбосарлари Азизбек Икромов ҳамда Ботир Парпиевда коронавирус инфекция аниқланди. Бу ҳақда «Tez News»нинг ҳукуматдаги манбалари хабар берди.

Раҳмат Маматов, Азизбек Икромов, Ботир Парпиев.
Фото: «Xabar.uz»

Ушбу маълумотни вазирлик матбуот хизмати «Tez News»га тасдиқлади, ҳозирда раҳбарлар стационар даволанишга ётқизилгани, тегишли муолажаларни олаётгани, аҳволи яхшилигини маълум қилган.

«Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари — Гулнора Маъруфова ҳам сал олдинроқ коронавирусга чалиниб, даволаниб, ҳозир ишга чиқиб кетдилар», — дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот хизмати «Tez News» мухбири билан суҳбатда.

Гулнора Маъруфова.
Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Маълумот учун, соғлиқни сақлаш вазири Aлишер Шодмонов, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков коронавирус юқтириб олгани, сўнг даволаниб ишга чиққани ҳақида маълум қилинганди.

Аввалроқ Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Aлламжонов, Нуробод тумани ҳокими Фахриддин Зоиров ва хонанда Каниза коронавирусдан соғайганлиги ҳақида хабар берилганди.